Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети спорт мажмуаси қошида бюджетдан ташқари маблағ ҳисобидан очиқ баскетбол ва волейбол майдончалари фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари А.Данияров ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни янги спорт майдончаларининг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, спорт билан шуғулланадиган ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яратилаётган мана шундай кенг имкониятлар натижасида ёшларимиз жаҳон ва Осиё чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу борада олий таълим муассасалари талабалари яхши натижаларни қўлга киритиб келмоқла. Янги спорт иншоотларининг фойдаланишга топширилиши талаба ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, олий ўқув юрти миқёсида спорт мусобақаларини мунтазам ўтказишга хизмат қилади.
–Олий ўқув юртимизда талаба ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган, – дейди қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони, жисмоний маданият факультети талабаси Фозилбек Генжебаев. – Бунинг учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз.
Тадбир иштирокчилари университет спортчилари томонидан қўлга киритилган ютуқлари кўргазмаси билан танишиб, спортчиларнинг кўргазмали чиқишларини томоша қилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА