Куз-қиш мавсумининг бошланиши муносабати билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти томонидан ижара уйларида истиқомат қилаётган талаба-ёшларнинг хавфсизлигини таъминлаш, турли бахтсиз ҳодисаларнинг, хусусан, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида амалий ишлар бошлаб юборилди.
Мазкур жараён доирасида ҳар бир факультет кесимида махсус ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, улар томонидан талабалар истиқомат қилаётган ижара уйларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, дудбуронларнинг тозалиги, иситиш мосламаларининг тўғри ўрнатилгани, ёнғин хавфсизлиги воситаларининг ҳолати ва фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ўрганилди. Ўрганиш ишлари давомида аниқланган камчиликлар махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойида бартараф этилмоқда.

Шунингдек, талабаларга ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги ва тозаликка риоя этиш борасида амалий кўрсатмалар берилиб, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Ушбу фаолиятнинг асосий мақсади – ёшларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсиз шароитда яшашларини таъминлашдан иборат.

Институт раҳбарияти томонидан мазкур йўналишдаги ишлар доимий назоратга олинган бўлиб, куз-қиш мавсумида бундай профилактик тадбирлар мунтазам равишда давом эттирилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА