Ёшларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларни жамиятнинг масъулиятли ва билимли аъзоси сифатида шакллантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Айниқса, юртимизнинг замонавий ёш авлоди дунёвий ва миллий қадриятларни бирдек ўзлаштираётган бир вақтда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш зарурати ҳам кундан кунга ортиб бормоқда.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг салбий таъсири нафақат уларнинг шахсий ҳаётига, балки жамиятнинг барқарорлигига ҳам путур етказади. Жумладан, ёшлар орасида гиёҳванд моддалар истеъмоли, диний ақидапарастликка мойиллик ва онлайн қимор ўйинлари каби омиллар ортидан ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани кузатилмоқда. Бундай салбий ҳолатлар жамиятда жиноятчиликни кўпайтириш, психологик муаммоларни чуқурлаштириш ва ёшларнинг ижтимоий уйғунлигини бузишга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда турли профилактик тадбирларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” мавзусида ўтказилган давра суҳбати ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилгани билан эътиборлидир.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги академияси магистратура тингловчиси, подполковник Олимхон Эргашев, университет инспектори Муаззам Жўраева, факультет деканлари ва талабалар иштирок этди. Улар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик, экстремизм, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги хавф-хатарлар ҳақида фикр юритди.
Подполковник Олимхон Эргашевнинг таъкидлашича, ёшлар орасида интернет орқали ёйилаётган таҳдидлар, жумладан, онлайн қимор ўйинлари ва гиёҳвандлик моддаларини тарғиб қилувчи ахборотларнинг кўпайиши жиддий хавотир уйғотмоқда. Шу сабабли, ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, уларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш ва турли ҳуқуқбузарликларнинг оқибатларини тушунтиришда профилактика ишлари муҳим ҳисобланади.
Қайд этилганидек, таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида профилактика тадбирларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Бу ёшлар орасида ҳуқуқий маданиятни оширишнинг самарали усулларидан.
- Ёшларни соғлом ва хавфсиз муҳитда тарбиялаш ҳар бир жамият учун муҳим. Шу сабабли, давра суҳбатлари, маърузалар, кўргазмали тадбирларни мунтазам ўтказиш уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини шакллантиришга ёрдам беради. Бунда талаба-ёшларни масъулиятли фуқаролар сифатида шакллантириш орқали мамлакатнинг барқарорлиги ва келажаги таъминланади. Шундай экан, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ота-оналар ҳамкорликда ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшишлари зарур, - деди О.Эргашев.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА