ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган давлат университети спорт мажмуасида олий ва профессионал таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги оммавий спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир бир вақтнинг ўзида “Zoom” платформаси орқали республикамиздаги барча олий ўқув юртларида кузатилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Бозоров, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Акрам Дадабоев, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
[gallery-25407]
Мусобақалар профессионал таълим муассасалари ўртасида 3 босқичда – волейбол, стол тенниси, енгил атлетика, шахмат ва шашка, олий таълим муассасалари ўртасида эса 4 босқичда – мини-футбол, волейбол, стритбол, енгил атлетика ҳамда стол тенниси турлари бўйича ўтказилади.
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларида юқори натижа қайд этган ғолиб ва совриндор талабалар I, II ва III-даражали кўкрак нишонлари ҳамда спорт формалари билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА