Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, талаба ёшларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этилганини ўрганиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлдилар. Уларга дастлаб талабалар ётоқхонасида қоладиган қизларнинг бўш вақтларидаги машғулотлари: касб-ҳунарга ўргатиш, хусусан, компьютер саводхонлиги, пазандачилик, гўзаллик салонларида ишлаш, тикувчилик, бола парвариши каби кўникмаларини ҳосил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдим этилди. Шу билан бирга қизлар орасида соғлом турмуш кечириш тарғиботи, спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар таништирилди.
Талаба қизлар билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкент шаҳар ва Яккасарой туман ҳокими ўринбосарлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг жойлардаги вакиллари томонидан маърузалар қилинди. Руҳшунос мутахассисларнинг маслаҳатлари тингланди. Асосий урғу хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикка ҳисса қўшиш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мароқли ва мазмунли ўтказиш масалаларига қаратилди. Бу борада айниқса педагоглик касбини танлаб, жойлардаги билим даргоҳларига борадиган талаба қизларга катта ишонч билдирилаётгани таъкидланди.
- “Беш ташаббус” бўйича қизларни касбга тайёрлашда пазандачилик йўналишида катта курс талабаларимиз устоз-шогирд анъанасини давом эттириб уларга ҳунар ўргатишади, - дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Гулноза Жўраева. – Ҳозирда 200 нафардан зиёд тикувчи қизларимиз бор. Ҳар бир талаба ўқиш давомида бирор-бир касбни ҳам эгаллайди. Албатта уларнинг бўш вақтлари қолмайди. Ундан ташқари компьютер саводхонлиги бўйича ҳам курслар бор. Таржима йўналишига кирган қизларимиз бундан фойдаланишади.
Албатта ана шундай учрашувлар ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтиришга, маънан ва жисмонан баркамол бўлишларига ҳисса қўшади. Бу каби тадбирларни Тошкент шаҳрининг қатор илмий муассасаларида ҳам давом эттиришга келишиб олинди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TTkrE0N4_fU" title="Talaba qizlar bo‘sh vaqtlarida nima bilan shug‘ullanyapti?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА