Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Талаба ўқиган мактаб” лойиҳаси
10:55 / 2023-11-03

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали ўз қадриятларига эга бўлган илм-фан даргоҳидир. Бу ерда профессор-ўқитувчилар, талабалар томонидан амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалар борки, уларнинг мазмун-моҳияти инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Масалан, “Олим ўқиган мактаб”, “Бир кунлик талаба” лойиҳалари мана бир неча йиллардан буён амалга оширилмоқда. Мақсад ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ўз иқтидорини намоён этиши учун шароит яратишдир.

ТДТУ Олмалиқ филиали жамоаси яқинда яна бир ташаббусни бошлади. Олий ўқув юрти ижтимоий-маънавий ҳаётида фаол бўлган, ўзининг яхши ўқиши билан намуна кўрсатган талабалар таҳсил олган мактаб жамоаси ва ўқувчилари билан “Талаба ўқиган мактаб” лойиҳаси доирасида учрашувлар ташкил этилмоқда.

Металлургия ва кимёвий технологиялар факультети 3-босқич талабаси Бунёд Маҳмудов таълим олган Ўрта Чирчиқ туманидаги 47-сон умумтаълим мактабига олий ўқув юрти раҳбарияти, ижодкор талабалар гуруҳи, “Ибрат” театр труппаси аъзолари бориб мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар билан учрашди.

Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида ижодкор талабалар раҳбарият ва жамоа томонидан ҳар томонлама қўллаб қувватланади. Олий ўқув юртида ёшларга жаҳон стандартлари даражасида таълим бериш учун барча имконият бор. Профессор-ўқитувчилар жамоаси ёшларга мутахассислик сирларини ўргатиш билан бирга ҳар бир иқтидорли талабани эътибордан четда қолдирмай, ўқиш ҳамда ижод соҳасида қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бунёд Маҳмудов, Абдухалил Исматов, Севинч Абдуғофурова, Мардонбек Нуралибеков, Асадбек Абдуазимов ва бошқа кўплаб иқтидорли ёшлар филиал маънавий-маърифий фаолиятида ўз ўрнига эга.

Филиал раҳбари Алишер Самадов учрашувда ёшларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишида ота-она, устозлар, бир сўз билан айтганда, жамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳимлигини, ёшларнинг камол топишида катталарнинг сўзи, ўрни, меҳнати беқиёслигини таъкидлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Назирқулов бугунги кунда олиб борилаётган таълим ислоҳотлари, ёшларга берилаётган имкониятлар ҳақида сўзлади. 

Мактаб маъмурияти, ўқитувчилари ва Бунёд Маҳмудовнинг ота-онасига филиал жамоасининг ташаккурномалари ҳамда китоблар тўплами тақдим этилди.

Мазкур лойиҳа давом этади.

А.Мусаев, ЎзА мухбири