2022-2023 ўқув йили учун 190 минг нафардан зиёд абитуриент талабаликка тавсия этилди. Шулар сафида менинг ҳам бор эканлигим ота-онамни жуда севинтирди. Астойдил интилганим ва ўқиб изланганим ижобий натижасини бериб, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали талабасига айландим. Ушбу олийгоҳнинг талабаси бўлиш энг олий мақсадимдан бири эди.
Эзгу мақсадимга эришиш мамлакатимизда таълим соҳаси бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар натижаси, деб ўйлайман. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фақат қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатдаги барча ОТМда 6,5 мингта қабул квотаси жорий этилишини Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари 34-сессиясидаги нутқида таъкидлаб ўтди. Бу эса албатта, талаба бўлишни орзу қилган ҳар бир қорақалпоқ ёшларига янада мотивация бағишлайди.
Талабалар сафига энг юқори балл билан қабул қилинганим қувончимга қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамга катта масъулиятни юклайди. Энди мен талаба деган номга муносиб бўлган ҳолда, ўз соҳам бўйича билимларни чуқур ўзлаштириб, ота-онам ва устозларимнинг ишончини оқлашим зарур. Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч бўлган ёшлар сафида эканлигимни доим ёдда тутишим ва билдирилган катта ишончни суиистеъмол қилмасликка интилишим зарур.
Ўзим танлаган олийгоҳнинг бахтиёр талабаси сифатида янги ўқув йилида тенгдошларим билан университет остонасига илк марта қадам қўйганимда юрагимда ҳаяжон, қўрқув ва қувонч бирлашиб кетган эди. Бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича жами 225 нафар талаба қабул қилинган. Билимлар кунига бағишлаб қизиқарли концерт дастури намойиш этилди. Бу ерда ёшларнинг етук билим олиши учун зарур бўлган барча шарт-шароит яратилганлигини кўриб, танловим жуда тўғри бўлганига амин бўлдим.
Мустақил юртнинг бaxтиёр талабасига айландим ва ўз олдимга янада катта мақсадларни қўйганман. Унга эришиш учун матонат билан тинимсиз ҳаракат қилишга, энг фаол талабалар сафида бўлишга ҳаракат қиламан. Замонавий билимларни тиришқоқлик билан чуқур ўзлаштириб, етук мутахассис бўлишга интиламан.
Сабира Муратбаева,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали 1-босқич талабаси.
ЎзА