Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талаб ва эҳтиёжнинг ошиши қурилиш материаллари саноати ривожи учун муҳим омил
14:09 / 2023-01-11

Кейинги йилларда цемент ишлаб чиқариш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Албатта, бу мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан боғлиқ.

Ана шундай талаблар сабаб ўтган йили саноат корхоналари томонидан  14,6 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилди. Жорий йилда ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёж янада ошган.  

Хўш, 2023 йилда бу борада режалар қандай? Цемент ишлаб чиқариш бўйича яратилган қувватлар имконияти талабни қондира оладими? Ушбу саволларга “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Жамшид ШЕРМЕТОВ қуйидагича жавоб берди.  

– Жорий йилда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан бир қатор режалар кўзда тутилган. Тизим корхоналари имкониятини кенгайтириш, Маҳаллийлаштириш ва Инвестиция дастурлари ижросини таъминлаш, талаб асосида сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кабилар шулар жумласидандир.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги пайтда қурилиш маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг ошиши қурилиш материаллари саноатнинг ривожида ва маҳсулотлар турининг кўпайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Маълумки, цемент асосий қурилиш материали ҳисобланади. Ўтган йили саноат корхоналари томонидан 14,6 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилди. Бу йилги эҳтиёждан келиб чиқиб, ушбу кўрсаткич 19,7 миллион тоннани ташкил этиши режалаштирилган. Бундай юқори натижаларга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали эришилмоқда.  

Янги, замонавий цемент заводлари барпо этилмоқда. Маҳсулот турлари кенгайтирилмоқда. Ҳозирда M-400 дан тортиб M-600 гача бўлган портландцемент тайёрланмоқда. Статистикага эътибор қаратсак, 2022 йилда цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича 7 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Натижада қўшимча 5,760 миллион тонна қувват яратилди.  

Хусусан, Навоий шаҳрида “Қизилқумцемент” АЖда йиллик имконияти 2,2 миллион тонна қўшимча қувват ва Қашқадарё вилояти Китоб туманида йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш имкониятига эга “Qarshi Conch Cement” МЧЖ ХК корхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Фарғона вилоятида эса “Shaffof Sement Sanoat” МЧЖ ҚКда йилига 360 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Шунингдек, “Наманган цемент” МЧЖ (ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш 2-босқичи), “GSR Building material” МЧЖ, “Жахон Евро Сервис” МЧЖ каби цемент заводлари фойдаланишга топширилди.  

Амалга оширилаётган ислоҳотлар янги қувватларнинг яратилишида муҳим омил бўлаётир. Мамлакатимизда фаолият юритаётган заводлар сони 35 тага етказилиб, ишлаб чиқариш қуввати 26,3 миллион тоннани ташкил этади.  

 

ЎзА мухбири  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА  

ёзиб олди