Мамлакатимиз агросаноат мажмуасида қўшилган қиймат яратишга қаратилган илғор лойиҳалар изчил ривожланмоқда. Шу жиҳатдан “BMB Agro Plus” корхонаси томонидан сублимация технологияси асосида маҳсулотлар турини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар эътиборга молик.
Аввал қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сублимация (freeze-drying) усулида қайта ишлаш йўлга қўйилган бўлса, эндиликда музқаймоқни айнан шу усулда қуритиш амалиёти ҳам жорий этилди. Мазкур технология паст ҳароратда маҳсулот таркибидаги намликни буғлантириб чиқаришга асосланади. Натижада музқаймоқнинг табиий таъми, хушбўйлиги ва озуқавий қиймати сақланиб қолади.

Сублимация қилинган музқаймоқнинг яна бир муҳим афзаллиги — унинг енгиллиги, узоқ муддат сақланиши ва ташишга қулайлигидир. Бу омиллар маҳсулотнинг ички бозордаги харидоргирлигини ошириш баробарида экспорт салоҳиятини ҳам кенгайтирмоқда.

Айни пайтда ҳудудларда ушбу маҳсулотга бўлган талаб муттасил ўсиб бормоқда. Савдо тармоқлари ва тадбиркорлар томонидан келиб тушаётган буюртмалар сони ортиши, янги ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилиши маҳаллий ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлиги ва сифат кўрсаткичлари юксак эканини тасдиқлайди.

Мутахассислар фикрича, сублимация усулида қуритилган музқаймоқ жаҳон бозорида, айниқса, ёшлар ва болалар ўртасида оммалашиб бормоқда. Замонавий технология, пухта сифат назорати ва бозор эҳтиёжини чуқур ўрганишга асосланган мазкур ёндашув саноатда янги босқични бошлаб бермоқда.
Қисқаси, инновация ва талаб уйғунлиги маҳаллий ишлаб чиқариш ривожида муҳим омилга айланмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири