Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Сирдарё вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси ташаббуси билан Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида “Аҳоли ўртасида Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги тарқалишининг олдини олишда ФВДқТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси (ҚКГИ) жуда хавфли юқумли касаллик бўлиб, ҳашаротлар орқали ҳайвонларга, ҳайвонларнинг заҳарланган қони орқали инсонларга юқади.
Уч босқичда амалга оширилган махсус-тактик ўқув машқларининг назарий қисмида ҚКГИ касаллиги унинг келиб чиқиш сабаблари, профилактикаси тўғрисида сўз юритилди.

– Чунки ҚКГИ касаллиги жуда хавфли ва юқумли бўлиб, унинг оғир асоратлари сабаб инсон вафот этиши мумкин, – деди Сирдарё вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Султонов. – Шу боисдан бу касалликнинг олдини олиш ва касалликка чалинганларнинг ҳаётини сақлаб қолишда соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиология хизмати ва фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг ҳамкорлиги кутилгандан кўра самарали бўлиши таъкидланди.

Ўқув машқларининг амалий қисмида Ветеринария гуруҳи қишлоқ хўжалиги ва уй ҳайвонлари билан ишлашда ветеринария назоратини, чорва моллари сақланадиган жойларда дезинфекция ишларини олиб бориш, шаҳар санитария-эпидемиологик хизмати ходимлари эпидемиологик суриштирувлар ўтказиш ва аҳоли орасида тарғибот-тушунтириш ишларини амалга ошириш тартиби кўрсатилди.

Шу билан бирга соҳа мутахассислари томонидан Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини аниқлаш ва олдини олиш борасида тиббиёт ва ветеринария ходимлари олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида амалий машғулотлар ўтказилиб, муҳим тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири