Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таксист, репетитор сингари касб эгалари ҳам солиққа тортиладими?
17:23 / 2024-01-05

Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2024 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар солиқ даврида 100 миллион сўмдан ортиқ топган даромадидан ЯТТлар каби солиқ тўлайди.

Шу ерда ҳақли савол туғилади. Дейлик, солиқ даври 101 миллион сўм даромад билан ёпилди. Бунда 4 фоиз, жами 101 миллион сўмдан тўланадими ёки 100 миллиондан ортиқ бўлган 1 миллион сўм қисмидан солиқ базаси ҳисобланадими? Назаримизда, ушбу масалага аниқлик киритилиб, механизми бўйича Солиқ қўмитаси тушунтириш бериб чиқиши керак. Чунки ўзини ўзи банд қилганлар жуда кўп ва кенг контингент. Яна бир механизмга ҳам аниқлик киритилиши керак: кўпчилик солиққа тортилмагани учун пулни қўлда, нақдда олиб юраверган. Пулларни кирим қилиш, солиқни тўлашнинг соддалаштирилган механизмлари қандай бўлади? 

Солиқ қўмитасининг ЎзАга маълум қилишича, 2024 йилдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолияти натижасида олган даромадлари 100 млн. сўмдан ошганда, ошган кундан эътиборан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтади. 

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги тегишли қонунига асосан Солиқ кодексининг 369-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қуйидагича солиқ мажбурияти белгиланди. 

Хусусан, 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларига ушбу даромадлар солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган кундан эътиборан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ солиниши белгиланди. 

Маълумки, Солиқ кодексининг 461-моддасининг биринчи қисми 2-бандига асосан солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади юз миллион сўмдан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар ҳисобланиши белгиланган. 

Шунга асосан солиқ даврида меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларига юз миллион сўмдан ошган кундан эътиборан ушбу кодекснинг 467-моддасига асосан 4 фоизлик ставкада айланмадан олинадиган солиқни тўлаш лозим бўлади. 

Худди шундай, агар ўзини ўзи банд қилган шахслар электрон тижорат иштирокчиси ҳисобланиб, яъни электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга оширса, у ҳолда айланмадан олинадиган солиқ 2 фоизлик ставкада тўланади. 

Шу каби, Президентимизнинг 2022 йил 30 декабрдаги фармонининг 1-иловаси тасдиқланган бешинчи тоифага киритилган ҳудудлардаги ўзини ўз банд қилган шахсларга айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 2026 йил 1 январга қадар 1 фоиз миқдорида қўлланилади. Мисол учун, ўзини ўзи банд қилган шахснинг жорий йилнинг январь ойида меҳнат фаолиятидан олган даромадлари 101 млн. сўмни ташкил этса, ошган қисмидан яъни 1 млн. сўмидан 4 фоизлик ставкада яъни 40 минг сўм айланмадан олинадиган солиқ тўланади. 

Ўз навбатида ушбу шахслар айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳар ойда жумладан, ҳисобот даври якунлари бўйича – ҳисобот давридан кейинги ойнинг ўн бешинчи кунидан ҳамда йил якунлари бўйича – солиқ давридан кейинги даврнинг 15 февралидан кечиктирмай ҳисобот тақдим этиш мажбурияти юкланади. 

Тўловларни амалга ошириш юқорида қайд этилган яъни ҳисобот тақдим этиш муддатидан кечиктирмай амалга оширилади. Яъни юқоридаги мисолда қайд этилган 100 млн. сўмдан ошган даромаднинг 1 млн. сўми учун февраль ойининг 15 санасига қадар солиқ ҳисоботи тақдим этилиши ҳамда шу муддатга қадар тўловни амалга ошириши лозим. 

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромади қандай аниқланади? 

Маълумки, ўзини ўзи банд қилган шахслар юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиши ҳамда назорат-касса техникаси ва банк пластик карточкалари орқали ҳисоб-китоблар бўйича тўлов терминалларидан фойдаланади ҳамда тижорат банкларида ҳисоб варақларини очган ҳолда фаолият юритишлари мумкин. Ўз навбатида юқорида қайдэтилган маълумотлар Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида ташқи манба маълумотлари асосида шаклланди. Шунга асосан, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадларини юқорида қайд этилган маълумотлар асосида аниқлаш имконияти мавжуд. 

Даромади 100 млн. сўмдан ошган ўзини ўзи банд қилган шахслар ЯТТлар каби ходимларни ёллай оладими? 

Маълумки ЯТТлар 5 нафарга яқин ходим ёллаган ҳолда фаолият юритишлари мумкин. Ўз навбатида ходимни ёллаш бевосита иккита томон ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади ҳамда солиқ органларига ҳар бир ёлланган ходимларни мажбурий тартибда ҳисобга қўйишлари лозим бўлади. Шунингдек, ЯТТ зиммасида ҳар бир яъни 5 нафаргача ёллаган ходимлари учун даромад солиғи ҳамда ижтимоий солиқ тўловини амалга ошириш мажбурияти юклатилган. 

Шунга асосан, ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳамда тадбиркорлик субъектларига ёлланган ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас. 

Даромади 100 млн. сўмдан ошганда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида эътироф этиладими ёки ЯТТга айланадими? 

Киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан ўзини ўзи банд қилган шахснинг жами даромади солиқ даврида 100 млн. сўмдан ошса ЯТТга айланмайди. Фақатгина солиқ тўлаш мажбурияти ЯТТ сифатида белгиланади. 

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромади 100 млн. сўмдан ошганда ижтимоий солиқни ЯТТ каби тўлайдими? 

Ижтимоий солиқ тўлаш ихтиёрий асосда амалга оширилади. Шунга асосан даромади 100 млн. сўмдан ошган ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳам йилига бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида меҳнат стажини ҳисоблаш учун ижтимоий солиқ тўлайди. 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА