Ўзбекистонда 2025 йил якунларига кўра, такси хизматлари бозорида шaффофлик ва рақамли интеграция сезиларли даражада ўсди. 224 та такси агрегатори солиқ органлари ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинган. Бунинг натижасида йўловчи ташиш айланмаси 9,6 трлн. сўмдан ошди, жами 479 миллион йўловчи ташиш амалга оширилди.
Солиқ қўмитаси хабарида қайд этилишича, айланманинг тўлов шакллари таҳлили шуни кўрсатадики, 6,7 трлн. сўм яъни 70,2 фоизи нақд, 2,8 трлн. сўм, яъни 29,8 фоизи нақдсиз тўловларда амалга оширилган. Шунингдек, битта чек 20 082,5 сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар бозордаги рақамли хизматлар ва шaффофликнинг ўсишини тасдиқлайди.
Агрегаторлар орқали йўловчи ташиш билан 574,6 минг ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи шуғулланмоқда. Улар орасида, 30-50 ёшдагилар 339 681 киши, 30 ёшгача 189 547 киши, 50 ёшдан катталар 45 398 кишини ташкил этади. Шу билан бирга, агрегаторлар орқали 4 726 нафар аёл фаолият юритмоқда.
Маълумотларга кўра, даромадлар бўйича ҳам катта тафовутлар мавжуд. 15,5 мингга яқин ҳайдовчи 100 миллион сўмдан ошиқ даромад қилган. 36,9 минг ҳайдовчи эса 50-100 миллион сўм орасида даромад олган. 143,8 минг ҳайдовчи 10-50 миллион сўм даромад топган. 71,8 минг ҳайдовчи 5-10 миллион сўм, 146,7 минг ҳайдовчи 1-5 миллион сўм, 159,7 минг ҳайдовчи 1 миллион сўмгача даромад олган.
Таксида энг кўп ишлатиладиган автомобиллар сафида Cobalt, Nexia ва Lacetti машиналари етакчи ўринларни эгаллайди. Электр транспорт воситалари улуши эса атиги 1,9 фоизни ташкил этади.
2025 йилда такси агрегатори орқали жами 128,2 миллиард сўм солиқ тушуми қайд этилган бўлиб, шундан ҚҚС 63,6 миллиард сўм давлат бюджетига киритилган. Бу рақамлар агрегация қилинган тизим орқали солиққа бўлган муносабатнинг ошганини кўрсатади.
Ш.Маматуропова, ЎзА