Ғалла ҳосили йиғиб олингач, деҳқон учун мавсум якунланмайди. Аксинча, бу ердан янада унумли фойдаланиш, такрорий экинларни жойлаштириш орқали иккинчи ҳосилга йўл очади. Бугунги кунда Гулистон туманида ҳам мазкур ёндашув амалиётда кенг қўлланилмоқда.
Ана шу ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида туман ҳокимлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур уюштирилди.
Тадбир доирасида мутасаддилар журналистларга йил бошидан буён амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот беришди. Хусусан, жорий мавсумда 7000 гектар майдонда дон экинлари парваришлангани, ҳосил йиғиб олингач эса бу ерларда такрорий экинлар жойлаштирилгани қайд этилди.

Аниқ рақамларга кўра, қайта экиш асосида 689 гектарда сабзавот, 475 гектарда полиз маҳсулотлари, 3555 гектар майдонда дуккакли дон экинлари, 600 гектарда шоли ва 1736 гектарда эса озуқа экинлари етиштирилмоқда.
Пресс-турнинг дастлабки манзили “Пахтаобод” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги майдонлари бўлди. Бу ерда 511 гектар ер самарали ўзлаштирилган бўлиб, унда турли экинлар парваришланмоқда. Хусусан, 336 гектарга дуккакли дон, 20 гектарга сабзавот, 75 гектарга шоли ва 80 гектарга озуқа экинлари жойлаштирилган.

Ташриф давомида “Адҳамжон ҳамкор” фермер хўжалиги фаолияти ҳам оммавий ахборот воситалари вакилларига намойиш этилди. Илгари 6,7 гектар ерда ғалла етиштирилган ушбу хўжаликда бугун экспортбоп, озиқавий қиймати юқори бўлган мош экилгани — аграр соҳадаги бозорбоп ечимлар самарадорлигини кўрсатади.
“Абдувоҳид Фазлиддин ҳамкор” фермер хўжалигида эса 42 гектар майдонда замонавий сув тежовчи технологиялар асосида шоли етиштирилмоқда. Хўжалик раҳбари Зиёвуддин Исоқуловнинг таъкидлашича, шоли парваришида анъанавий усуллар ўрнига томчилаб суғориш усулини жорий этиш бир қанча устунликларни беради.
– Шоли одатда сувни кўп талаб қиладиган экин ҳисобланади. Аммо Сирдарё дарёсидан оқадиган сув ҳажми сўнгги йилларда камайиб бормоқда. Бу эса глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолда сув танқислигини келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, шоли етиштирилаётган 42 гектар майдонда томчилаб суғориш усулини қўлладик. Бу технология нафақат сув тежаш, балки ўсимликка аниқ миқдорда, зарур вақтда сув етказиб бериш имконини яратади. Натижада ўсиш босқичлари уйғунлашади, ҳосилдорлик эса ошади, – дейди фермер. – Мазкур усул тупроқнинг ҳаводорлигини сақлаш, таркибий тузилмасини мустаҳкамлаш ва ўсимлик учун қулай муҳит яратишда ҳам самара берётир. Шунингдек, шолининг касалликларга чидамлилиги ошгани кузатилмоқда.
– Илмий нуқтаи назардан қаралганда ҳам томчилаб суғориш шолининг физиологик ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса ҳосил сифат ва миқдорида ўз аксини топади. Биз фақат ҳосил учун эмас, тупроқнинг келажакдаги ҳолати учун ҳам ишлаяпмиз, – дея қўшимча қилади Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Гулистон туман бўлими раҳбари Зайниддин Бойқузиев.
Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалигида юқори натижага эришиш фақат деҳқончилик эмас, балки инновацион технологиялар, илмий ёндашув ва амалий тажриба уйғунлигига боғлиқ.
Гулистон туманидаги бу каби амалий ёндашувлар ердан икки марта фойдаланиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бозор талабларига мос маҳсулот етиштириш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Пресс-тур якунида иштирокчиларни қизиқтирган барча масалалар юзасидан соҳанинг малакали мутахассислари томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди, зарур ахборотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, мавсумий агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш, ердан икки ва ундан ортиқ марта ҳосил олиш, инновацион технологияларни жорий этишга доир амалий тажрибалар ва илғор ёндашувлар муҳокама қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири