Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Ғовшун ҳудудида жойлашган “Умрбек Файз” фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги соҳаси учун семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон фермерлари кенгаши ходимлари, қишлоқ хўжалигига масъул ташкилотлар ва соҳада фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этдилар.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижросини таъминлаш, шунингдек аграр соҳада самарадорликни ошириш ва янги иш тажрибаларини жорий қилиш мақсадида ўтказилди.
Семинарда асосий эътибор ғалладан бўшаган майдонлардан оқилона фойдаланиш масаласига қаратилди. Хусусан, такрорий экин сифатида мойли экинларни етиштириш имкониятлари ва бу жараённинг иқтисодий-ижтимоий аҳамияти муҳокама этилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ғалладан бўшаган ерларни самарали ишлатиш бир қатор афзалликларни беради.Ер унумдорлигини ошириш,
ички бозорни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, фермерлар даромадини кўпайтириш. Шу билан бирга, мойли экинларнинг бозордаги талаб юқорилиги уларни такрорий экин сифатида етиштиришни янада мақсадга мувофиқ қилади.
Семинар давомида Республика фермерлари кенгаши мутахассислари иштирокчиларга илмий асосланган агротехник маслаҳатлар бердилар. Хусусан, такрорий экинларни экиш муддатлари, уларнинг агротехник талаблари ва самарадорлигини оширишга оид амалий тавсиялар тақдим этилди.
Мутахассислар фикрига кўра, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида тажриба алмашиш, янги технологияларни жорий қилиш ва агрономик билимларни амалиётга татбиқ этиш — ҳосилдорлик ва самарадорликни оширишнинг асосий гаровидир.
М.Турдиев,
Ўзбекистон фермерлари кенгаши мутахассиси