Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилик базасини янада мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Бўстонлиқ картошкачилик маркази”га қарашли ер майдонларида кечки картошка экиш бўйича амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Хуршид Қорабоев, Бўстонлиқ туман ҳокими Жўрабек Аҳмедов, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳудудий бўлими масъуллари, ҳамкор мутасадди ташкилотлар вакиллари қатнашиб, ер майдонларида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Агроинспекциянинг Бўстонлиқ туман бўлими бош мутахассиси Б.Риқсибоевнинг қайд этишича, Тошкент вилоятида ғалладан бўшаган ер майдонларига жами 20 минг гектар кечки картошка экиш режалаштирилган бўлиб, шундан Бўстонлиқ тумани ҳиссасига 1 минг гектар ер майдони тўғри келди.

Амалий семинарда фермерларга кечки картошка етиштиришда самарадорликни ошириш, агротехника қоидаларига қатъий амал қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, экиш мавсуми давомида кластер ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига маҳаллий ва хорижий уруғлик картошкаларни белгиланган муддатларда етказиб берилиши айтилди. Жойларда экилиши, уруғлик картошка сақланаётган омборхоналарда уруғликларни белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда сақлаш назорат қилиб борилади.
А.Мусаев,ЎзА.