Такрорий экин: 132 минг 543 тонна маҳсулот етиштириш режалаштирилмоқда
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш, аҳолини сифатли, табиий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш, аҳолини сифатли, табиий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 июндаги “2017 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Саховатли заминимизда нафақат ғалла ва ғўза парваришлаш, куз охирига қадар такрорий равишда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имконияти мавжуд. Ишнинг кўзини биладиган омилкор деҳқонларимиз бу имкониятдан унумли фойдаланмоқда.
Навоий вилояти фермерлари ҳам ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиб, мўл ҳосил етиштирмоқда. Айниқса, Хатирчи, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа, Нурота туманлари деҳқонлари бу борада яхши натижага эришаётир.
Нурота туманидаги “Тошназар бобо” фермер хўжалиги раиси Шерзод Кенжаев қарийб 22 гектар бўшаган майдонга картошка, сабзи, пиёз ва қовоқ экиб, мўл ҳосил олмоқда.
– 10 гектарга “Роза голд” навли картошка экиб, гектаридан 30 тоннадан ҳосил йиғмоқдамиз, – дейди Ш.Кенжаев. – 2 минг 800 сўмдан ички бозорга улгуржи етказиб бераётирмиз. 4 гектар ерда етиштирилган сабзи ҳосили ҳам мўл. 8 гектар майдондаги пиёз ва қовоқдан 20-25 тоннадан ҳосил олдик. Даромадимиз яхши.
Вилоятда ғалладан бўшаган 24 минг 377 гектар майдонда такрорий экин экилиб, 132 минг 543 тонна маҳсулот етиштириш режалаштирилган. Олинадиган ҳосилнинг 20 минг тоннасини экспортга чиқариш, 12 минг тоннасини қайта ишлаш, 6 минг тоннасини захирага олиш, 2 минг тоннасини уруғлик учун сақлаш, қолган 93 минг тоннага яқин маҳсулотни ички бозорда сотиш белгиланган.