“Тараққиёт стратегияси” маркази ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг халқаро ҳамжамият билан жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди.
Унда 150 нафардан ортиқ эксперт, хусусан, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, мамлакатимизда ўз фаолиятини юритаётган хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, БМТ тизимидаги агентликларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари ва дунёнинг турли чеккаларидан хорижий экспертлар ҳам қатнашди.
Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Маҳл кириш сўзи билан очиб берди.
[gallery-27258]
– Ушбу тадбирнинг моҳияти халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот ва ҳамкорликдир. Биз халқаро экспертларнинг фикрлари, тавсиялари ва амалий таклифларини муҳим, деб ҳисоблаймиз. Чунки айнан шу мулоҳазалар стратегияни янада мукаммал қилишга, унинг амалий механизмларини кучайтиришга хизмат қилади. Бугунги тадбирдан кутилаётган асосий натижа –халқаро экспертлар ва дипломатик корпусдан олинадиган аниқ таклифларни стратегиянинг якуний таҳригига интеграция қилиш. Шу билан бирга, бу мулоқот Ўзбекистоннинг очиқликка, шаффофликка ва халқаро ҳамкорликка содиқ эканини яна бир бор намоён этади. Натижада янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг келгуси ўн йилликдаги ривожланишини белгилаб берувчи рақобатбардош, амалий ва халқ манфаатларига хизмат қилувчи стратегик дастур сифатида шаклланади, – деди ўз сўзида Элдор Туляков.
– Бугунги мулоқот муҳим паллада ўтказилмоқда. 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2026 – 2030 йилларга мўлжалланган “Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик дастури”ни имзолади. Ушбу дастур 2026 – 2030 йиллар давомида мамлакатда барқарор ривожланиш натижаларини илгари суриш бўйича умумий қарашимизни акс эттиради, – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Маҳл.
2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шу билан бирга, жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги тебраниш, саноат ва технологияларнинг кескин ривожланиши ҳамда энергия бозорларидаги трансформация Ўзбекистондан ҳам янги ёндашувларни талаб этмоқда.
Эндиликда эса такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир мақсади бўйича алоҳида индикаторлар, мақсадли кўрсаткичлар, рақам, фоиз ва бошқа кўрсатгичларда белгиланмоқда. Хусусан, Стратегиянинг 90-мақсади доирасида Ўзбекистоннинг фаол дипломатияси, фаол ташқи сиёсати натижасида фуқароларимиз турли мақсадларда хорижий давлатларда фаолият юритаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Бугунги кунда ташқи сиёсий фаолият олиб бориш жараёнида Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари орқали хориждаги 8 500 нафар фуқарога консуллик хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Мазкур кўрсаткични 2030 йилга бориб 100 минг нафарга етказиш мақсад қилинмоқда, бу мақсадга ҳар йили – келгуси беш йил давомида кўрсаткичларни даврий ошириб бориш орқали эришиш назарда тутилган. Шунингдек, консуллик хизматларини нафақат анъанавий механизмлар, балки бугунги кунда оммалашаётган сунъий интеллект каби янги технологиялар орқали ҳам сифат жиҳатидан, ҳам кўлам жиҳатдан ошириш кўзда тутилмоқда.
Бугун кунгача Стратегия лойиҳаси бўйича юртдошларимиздан 3 мингга яқин фикр ва таклифлар келиб тушди. Улар мутахассислар томонидан ҳар куни сараланиб, ўрганиб борилмоқда.
Тадбир давомида Стратегия лойиҳасида белгиланаётган вазифаларни янада такомиллаштириш юзасидан халқаро экспертлар ўз муносабатлари ва таклифларини билдирди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА