French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таклифлар қабул қилинди, муаммолар ечилди
16:57 / 2022-03-24

Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан жорий йил 18 март куни очиқ мулоқот шаклида учрашув ўтказди.

Учрашув олдидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш учун нималарга эътибор қаратиш зарурлигини, муаммо ва камчиликларни аниқлаш, бу борада жамоатчилик фикрини билиш мақсадида “Cаll-марказ” ташкил этилиб, мурожаатлар қабул қилинди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий бошқармаларда тезкор штаблар ташкил этилди. 

Ҳар бир таклиф, муаммо, ташаббус қайд этилди. Шу жараённинг ўзида кўплаб муаммоларга ечим топилди, таклифлар қабул қилинди. Қолган масалалар эса учрашув давомида Президент нутқида ва тиббиётчилар билан очиқ мулоқотда ҳал этилди.  

– Очиғи, тиббиётчилар билан бундай учрашув ўтказилишини анча вақтдан буён кутаётган эдик, дардларимиз, муаммоларимизни айтишни кўнглимизга тугиб юргандик, – дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Айниқса, кейинги икки йилда пандемия шароитида ишлаб аҳолига замонавий, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш учун қайси муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш зарурлигини амалиётда кўрдик. Тўғри, бугун тиббиётимиз икки-уч йил олдингидан тубдан фарқ қилади.

Бирламчи бўғинда, тез тиббий ёрдам кўрсатишда ёки даволаш профилактика муассасалари, хусусий тиббий марказлар фаолиятида кейинги пайтда катта ўзгаришлар бўлди, хизмат кўрсатиш сифати ошди. Лекин барибир йиллар давомида тўпланиб қолган масалаларга бир-икки йилда барҳам бериш қийин. Шунинг учун учрашув олдидан биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва аҳолидан мурожаатлар қабул қилиниб, раҳбариятда ҳолат юзасидан аниқ тасаввур пайдо бўлди. Ва, шу асосида давлатимиз раҳбари соғлиқ сақлаш тизими бўйича яқин йилларда етти йўналишда амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб берди.  

Жумладан, бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш мақсадида эндиликда оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда соат 20.00 га қадар стационар тиббий хизматлар кўрсатилади. Шу пайтгача бу хизмат соат 13.00 га қадар эди. Бу муассасаларда ишлайдиган шифокор ва ҳамшираларнинг иш ҳақига қўшимча устама тўланади. Илгари ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан фақат давлат муассасасида даволанган бўлса, энди аҳолининг истагига кўра, хусусий даволаш муассасасида ҳам даволаниши мукин. Бунда давлат томонидан ажратиладиган маблағ ўша клиникага тўлаб берилади. 

Тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам такомиллашади. Яъни шу пайтгача амалда бўлган туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, беморгача бўлган масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. Туман марказидан 50-80 километр узоқликда жойлашган аҳоли пунктлари алоҳида тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади. Яна бир энг муҳим янгилик – тўрт йилда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча “Дамас” ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Тиббий ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш ва моддий қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам муҳим вазифалар белгиланди.  

Эндиликда тиббиёт ходимларига малака тоифасига қараб ойлик тўланади, эришган натижасига кўра, моддий рағбатлантирилади. Амалдаги тартиб бўйича алоҳида меҳнат шароитида ишлайдиган тиббиёт ходимлари йилига бир ёки икки марта ўз ёнидан пул тўлаб, мажбурий тиббий кўрикдан ўтади. Айнан шу масала кўпчилик ҳамкасбларимизнинг эътирозларига сабаб бўлиб келаётганди.

 Бу ҳақда биз ҳам учрашув олдидан ўз таклифимизни билдиргандик. Давлатимиз раҳбарининг нутқида бу муаммо ҳам ечим топди. 2022 йил 1 майдан бошлаб барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўриклар бепул ўтказиладиган бўлди. Қон билан бевосита ишлаётган тиббиёт ходимлари гепатит “B” касаллигига қарши бепул эмланади. 

Худди шундай – тиббиёт ходимларининг мажбурий тарзда малака ошириш курсларига жалб этилиши, хорижда ўз ҳисобидан тажриба ва малака ошириб келиши ҳам долзарб муаммолардан саналарди. Эндиликда бундай ҳолатларга барҳам берилади. Малака ошириш ва лицензия олишдан аввало, тиббиёт ходимининг ўзи манфаатдор бўлади ҳамда ўзи бориб малака оширади. 

Хорижда малака ошириш харажатлари эса давлат томонидан тўланади. Бундан ташқари, олий ўқув юртларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш қамрови ҳам сезиларли даражада ошириладиган бўлди. Тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий асбоб-ускуналар харид қилиш бўйича ҳам кўплаб енгиллик ва имтиёзлар берилдики, буларнинг барчаси соҳа тараққиёти ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга туртки беради. 

Умуман, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохона ва поликлиникалари тиббий ходимлари томонидан очиқ мулоқотгача 105 та савол ва таклифлар билдирилган. Бирлашма бошлиғининг айтишича, кўтарилган муаммоларга ечим топилган, таклифлар инобатга олинган. Очиқ мулоқот самараси шу-да.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА