Таиланд шимолида сўнгги ҳафталарда кучли сув тошқини кузатилди, “Яги” тўфони муссон ёмғирини янада кучайтирди.
– Дам олиш кунлари мамлакатнинг машҳур сайёҳлик маскани – Чианг Майда сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли тошқин кузатилди, – деб ёзди “The Guardian” нашри. – Натижада икки фил чўкиб кетди, электр қуввати узилди, меҳмонхоналардан меҳмонлар эвакуация қилинди.
Табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатини юмшатиш департаменти маълумотига кўра, жами 20, жумладан шимолий минтақадаги 9 вилоят сув остида қолган. Бу ҳудудларда 8625 хонадон жабрланган.

Чианг Майда тунги бозор, меҳмонхоналар ва машҳур филлар қўриқхонасини сув босиб, 100 дан ортиқ фил, шунингдек юзлаб бошқа ҳайвонлар, жумладан чўчқа, от, ит, мушук ва қуёнлар кўчирилган.
“Бангкок пост” хабарига кўра, Пинг дарёси суви шанба куни кечқурун 5,3 метр кўтарилган. Бу сўнгги 50 йилдаги энг юқори кўрсаткич.
Бангкок ва Таиланд марказий минтақаси аҳолиси ҳам Чао Пхрая дарёси тошиши эҳтимолидан огоҳлантирилган.