Пойтахтимизда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёшлар ойлиги” доирасида «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик» шиори остида юртимизнинг энг илғор ёшларини «Таҳсин – 2021” миллий мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда билимли ва истеъдодли йигит-қизларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қобилиятларини юзага чиқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. “Таҳсин” миллий мукофоти ҳам илм-фан, спорт, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, маданият, инновациялар, тиббиёт каби йўналишларда Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшаётган, ўз соҳасида муваффақиятга эришган, етакчилик қобилиятига эга ижтимоий фаол, ижодкор ва ташаббускор ёшларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.
Ўтган йили коронавирус пандемияси сабаб юртимизда жорий этилган карантин туфайли ушбу тадбир ташкил этилмади. Аммо бу йилги “Таҳсин” миллий мукофотини топшириш маросими ёшлар учун чинакам эсда қоларли воқеага айланди. Тадбирнинг ўзига хослиги шундаки, у хориждаги GQ, «Оскар», Forbes ва шу каби бошқа йирик мукофотларнинг энг яхши анъаналари форматида ташкил этилди. Ғолиб ва номинантлар
қизил йўлакча бўйлаб юриб келди, ғолибларга мукофотни қўлга киритгандаги таассуротлари билан ўртоқлашиш учун сўз берилди.
“Таҳсин – 2021” миллий мукофотининг турли йўналишларида қуйидаги ёшлар ғолиб, деб топилди: Жумладан, Муҳаммадали Эшонқулов, Шаҳзод Баҳодиров, Нодирбек Абдусатторов, Сабина Тошкенбоева, Нигина Ўктамова, Миясар Даулетбаева, Аҳрор бахши Хушвақтов, Жавлонбек Жовлиев, Саида Рашидова, Тилланисо Эшбоева, Саъдулла Қуронов, Ҳожиакбар Ибрагимов, Фарруҳ Муродов, Наргиза Куванова, Расул Жумаев, Фирдавс Собиров, Темурбек Адҳамов.
Шунингдек, “Заковат”, “Эзгу амал”, “IMAN”, “Меҳр оролни қутқаради”, “Metsenat” лойиҳалари, “Меҳр” операцияси, Хотира ролиги, АРМИ аёллар жамоаси ҳамда оммавий ахборот воситаларидан ҳам муносиб номзодлар мукофотга сазовор бўлди.
[gallery-2948]
– Мамлакатимизда меҳнат ва ҳаракат қилган ҳеч бир соҳа вакилининг ютуқлари эътибордан қолмайди, – деди Саида Рашидова. – “Таҳсин – 2021” миллий мукофоти ҳам биз каби ёшларнинг самарали ишларимиз учун муносиб туҳфа бўлди. Мен бу мукофотни аёллар, қизлар ва ёш оналар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишда фаоллик кўрсатганим ва бу жараёнда кўплаб муваффақиятга эришганим учун олдим. Мукофотдан олган мотивациям келажак режаларимнинг янада кенгайишига сабаб бўлди. Хусусан, китобхон аёлларимиз сафини кенгайтиришга бундан-да кўпроқ ғояларни ўйлаб топиб, бу йўлда янада кўпроқ ҳаракат қилмоқчиман.
–– Шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлиш бошқа спорт турларига қараганда жуда қийин, – деди Нодирбек Абдусатторов. – Меҳнатларим қадрланиб, бу мукофотга муносиб кўрилганимдан жуда хурсандман. Бундан олган иштиёқим кейинги ғалабаларимга эришишимда яна бир мотивация бўлади. Жумладан, саноқли кунлардан кейин Россиянинг Сочи шаҳрида шахмат бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Чемпионатда юртимнинг менга билдирган ишончини оқлашга бор кучим билан курашаман.
Тадбир доирасида мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишда ёшларимизга намуна бўлаётган давлат ва жамоат арбоблари мукофот соҳибларини табриклади. Элимиз суйган санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларда хуш кайфият бағишлади.
Гулноза Бобоева, ЎзА