Айни дамларда Алишер Навоий номидаги Ўзбек давлат академик катта театри олд майдонида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Таҳсин– 2021” миллий мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан таъсис этилган мукофотга вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан 28 та номинация бўйича 500 нафардан ортиқ номзод тавсия этилган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, дипломатик корпус вакиллари, журналист, блогерлар, илм-фан, спорт, халқаро алоқалар, маданият, инновация, тиббиёт ва бошқа соҳаларда мамлакат ривожига катта ҳисса қўшган республиканинг энг етакчи ёшлари иштирок этмоқда.
[gallery-2948]
Шунингдек, ёш истеъдод соҳиблари, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш йўлида жасорат кўрсатган қаҳрамонлар, миллионлаб ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштираётган ташаббускор йигит-қизларни муносиб табриклаш мақсадида ўзбек эстрадасининг машҳур юлдузлари ўз репертуарларидаги элимиз кўнглидан жой олган қўшиқлари билан қатнашмоқда.
Маълумки, “Таҳсин” миллий мукофоти 2019 йилда илм-фан, спорт, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, маданият, инновациялар, тиббиёт каби йўналишларда мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган, ўз соҳасида муваффақиятга эришган, етакчилик қобилиятига эга ижтимоий фаол, ижодкор ва ташаббускор ёшларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган. Ўтган йили юртимизда жорий этилган карантин сабабли тадбир ташкил этилмади. Аммо бу йилги “Таҳсин” миллий мукофотини топшириш маросими ёшлар учун чинакам эсда қоларли воқеага айланиши кутилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА