Ҳамкорларимиз саҳифаларида Ўзбекистон
Бирлашган Араб амирликлари “WAM” ахборот агентлиги саҳифаларида ўзбекистонлик иқтидорли талабалар иштирокидаги танловга бағишланган мақола нашр этилди. Муаллиф ёзишича, 93 университетдан 5000 нафар талаба икки босқичда БАА ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари учун энг яхши давлат хизмати кўрсатиш бўйича танлов ғолиблиги учун кураш олиб борган.
8 та асосий тоифада таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва тоза энергия каби муҳим соҳаларни қамраб олган 100 дан ортиқ сифатли илова қатнашди.
Мусобақада фахрий биринчи ўрин Ўзбек тилидаги имловий хатоларни тузатиш ва навбатдаги сўзларни башорат қилиш хусусиятига эга “Таҳрирчи” ўзбек муҳаррири иловасига насиб қилди.

Иккинчи ўринга Экологик тоза кундалик эҳтиёж учун соғлом муқобил тақдим этувчи ақлли платформа - “Экопортал” иловаси лойиқ топилди.
Учинчи ўрин “Лалу” (Оналар мактаби) - интерактив усулда она ва боланинг ҳомиладорлик давридаги ва туғруқдан кейинги саломатлиги ҳақида маълумот берувчи, йўл-йўриқ кўрсатувчи иловага топширилди.
Тошкентда бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ҳузуридаги давлат хизмати раҳбари Муҳаммад бин Толиъа ҳамда БААнинг Ўзбекистондаги элчиси доктор Саид Матар Ал-Қамзий, шунингдек, бир қатор расмийлар, икки давлат ҳукумати қўшма гуруҳлари аъзолари иштирок этди.
Ғолибларни тақдирлаш маросими доирасида Шерзод Шерматов Муҳаммад бин Толиъа бошчилигидаги ҳукумат делегацияси билан учрашиб, стратегик шериклик муносабатининг ривожланиш ҳолатини муҳокама қилди.

“Талабалар учун энг яхши давлат хизмати учун ариза” мукофоти жорий этилиши ёшлар ва талабалар салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Ижодкор талабаларни давлат ишида ривожланиш ғоясини баҳам кўришга ундаш, инновация ва рақамли трансформацияни рағбатлантириш ҳамда икки давлатга хизмат қилувчи янги бизнес моделини ишлаб чиқишга қаратилган ҳамкорлик имкониятини кўриб чиқиш асосий мақсадлардан биридир.
Ш.Шерматов БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг амалий натижаси бўлган ушбу мукофот соҳибларини табриклаб, уларни ўзлари ва янада ёш авлод учун ёрқин келажак қуришга ҳисса қўшадиган ғоя, ташаббус ва лойиҳалар тақдим этиш орқали муаммоларга инновацион ечим топиш бўйича давлат хизматини лойиҳалашда иштирокини кучайтиришга чақирди.
Ўз навбатида, БАА делегацияси раҳбари амирлик раҳбарияти кўрсатмасини бажаришда, давлат фаолиятини модернизация қилишда муваффақиятга эришиш тарихи ва илғор тажрибани ўзлаштириш кўникмаси билан ўртоқлашиш истагини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда олий ўқув юртлари талабалари учун “Энг яхши давлат хизматлари учун ариза” танловининг иккинчи босқичида ёш истеъдодлар фаол иштирок этди. Натижалар талабаларнинг юқори илмий ва технологик савияси, давлат хизматини лойиҳалаш ва тақдим этиш бўйича маҳорати ва қобилиятини очиб берди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА