ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоят прокуратурасида “Прокуратура органлари томонидан жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш аҳволи” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоятда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида прокуратура ходимлари мавзу юзасидан атрофлича маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 11 ойи давомида жиноятлар сони 1943 тага (14 фоиз), маҳаллаларда содир этилган жиноятлар сони эса 1297 тага (19 фоиз) камайган. Лекин, безорилик – транспорт воситасини олиб қочиш бўйича жиноят 20,8 фоизга ошган. Шунингдек, қидирувда юрган жами 1462 нафар жиноятчининг 686 нафари (47 фоиз) ушланган. Рўйхатга олинган жиноятлар сони 11416 тани ташкил этган.
Таъкидланганидек, вилоят прокуратура органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишда халқ билан мулоқотни кенгайтириш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада ошириш ва аҳолининг муаммоларини ҳал этиш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Мурожаатлар сони таҳлил қилинганида, прокуратура органларига келиб тушган мурожаатлар сони 2023 йилнинг 11 ойи давомида жами 21,604 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 9,4 фоизга камайган. Мурожаатларнинг 17,275 таси бевосита прокуратура органларида ҳал этилган. Шундан 6,147 таси қаноатлантирилган, 111 таси рад қилинган, 11,017 таси бўйича тушунтиришлар берилган. Мурожаатларнинг 3,045 таси ҳал этиш учун бошқа тегишли муассасаларга юборилган.
Мурожаатларни кўриб чиқилиши натижасида 79 та протест келтирилган, 14 та тақдимнома киритилган, 26 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, қўпол қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 21 та жиноят иши қўзғатилган.
Тадбир давомида журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга соҳа ходимлари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Матбуот анжуманидан сўнг секторларда амалга оширилаётган ишлар билан журналистларни таништириш мақсадида Қува туманига пресс-тур ташкил этилди.
[gallery-15128]
Пресс-тур иштирокчилари Қува туман прокурори секторида бўлиб, Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Маҳаллабай” тизими асосида амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишди.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларнинг муаммолари ҳал этилиши, тадбиркорликнинг йўлга қўйилиши, “Ташаббусли бюджет” ва “Беш ташаббус” лойиҳалари ҳамда бошқа йўналишлар бўйича прокурор секторида амалга оширилган ишлар билан таништирилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА