Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таҳлиллар нотариуслар ва судьяларнинг ўзаро ҳамкорлик қилишига ҳаётий зарурат борлигини кўрсатди
16:43 / 2021-05-27

Тошкент шаҳар суди судьялари ҳамда Тошкент шаҳар нотариусларидан вакиллар иштирокида суд-ҳуқуқ ҳамда нотариат соҳасида вужудга келаётган амалий муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, келгусида бу борада доимий ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

Учрашувда судларнинг юкламасини енгиллаштириш, судларнинг баъзи юкламаларини қисқартириш, юкламаларни нотариусларга олиб бериш, баъзи ишларни судгача олиб бормай, нотариуслар томонидан ҳал этилиши орқали аҳолига қулайликлар яратиш, фуқароларнинг сарсонгарчиликларининг олдини олиш бугунги куннинг долзарб мавзуси эканига алоҳида урғу берилди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган учрашувда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари ва Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ҳам “Zoom” орқали қатнашишди.

— «Судлар тўғрисида»ги Қонунга кўра, суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган бўлса, «Нотариат тўғрисида»ги Қонунга кўра нотариат қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир. Шу маънода, ҳар иккала ташкилотнинг асосий мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.

Бугунги учрашувимиздан асосий мақсад амалиётда учраётган айрим камчилик ва муаммоларни биргаликда таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш, нотариуслар томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни одил судлов орқали бартараф этиш бўйича тажрибалар билан ўртоқлашиш, судлар томонидан бекор қилинаётган ёки ҳақиқий эмас деб топилаётган битимлар юзасидан йўл қўйилган хатоларни такрорланмаслиги учун тавсиялар бериш, нотариус ва судьяларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги имкониятлар, замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали йўлга қўйиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат эди.

Асосий мақсадимиз халқимизни рози қилиш, фуқароларимизни ҳамда юридик шахсларни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш экан, судлар бу борада ҳар қандай ҳамкорликка тайёр. Нотариусларимиз томонидан битимларни расмийлаштириш борасида қийинчиликлар вужудга келса ва бу борада ҳуқуқий тушунтиришлар лозим бўлса, фуқаролик судларимиз бу борада нотариуслар учун ҳамиша очиқ эканлигини эслатиб ўтмоқчиман.

Таҳлиллардан кўринишича, фуқаролик ишлари бўйича судларда 2020 йилда 226 та айнан нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ низолар кўриб чиқилган. Шундан 30 га яқин нотариал ҳаракат ҳақиқий эмас, деб топилган.

2021 йил 1-чорагида эса 138 та худди шундай тоифадаги ишлар кўрилган ва 17 та нотариал ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб топилган. Бу рақамлар нотариуслар ва судьяларнинг ўзаро ҳамкорлик қилишига ҳаётий зарурат бор – дея таъкидлади Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров ҳам бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди:

— Яширмаймиз, ҳар иккала соҳада бартараф этилишини кутаётган муаммолар мавжуд. Масалан, бир неча йиллардан буён долзарб бўлиб келаётган хусусийлаштирилаган уй-жойлар бўйича амалиётнинг ҳар хиллиги, шунингдек мерос, эр (хотин) вафот этган ҳоллардаги мол-мулкини тасарруф қилиш борасида ҳам бир хил амалиётга эришаолмаяпмиз.

Муомалага лаёқатсизлар рўйхатлари «Нотариус» ахборотлашган тизимга тўлиқ киритилмагани, судлар томонидан эгаликни белгиловчи суд қарорлари шу кунни ўзидаёқ кадастр рўйхатига олинмаслиги ва яна бир қатор муаммоли масалалар мавжуд.

Судлар томонидан фуқаролик ишларини кўриб чиқилаётганда нотариус томонидан ечими топилиши мумкин бўлган ишлар судьяларга ортиқча юкламалар бўлаётгани ва ворислик ҳуқуқи бўйича нотариал ҳаракатларни амалга оширилаётганда фуқароларнинг манфаатлари тўлиқ инобатга олинмаётгани ҳақида сўз очган Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Садоқат Сафоева амалиётда дуч келинаётган камчиликларга ҳам тўхталди:

— Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотларда энг аввало фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш масаласи асосий ўрин эгаллайди. Кейинги йилларда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилган ва бекор қилинган нотариал битимлар, хусусан, олди-сотди шартномалари, қонун бўйича ворислик гувоҳномалари, васиятномалар, ижара шартномаларини расмийлаштиришда хатоларга йўл қўйиляпти. Шу боис тадбирда бу борадаги таҳлилларга ҳам тўхтатилиб ўтдик. Зеро, бундан мақсад келгусида бундай хатоларга йўл қўймаслик, нотариал ҳаракатларни қонун талаб қиладиган даражада расмийлаштириш юзасидан тавсиялар бериш, бу билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш, судларда нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ низоларни камайтиришдан иборат.

Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси ўринбосари Анвар Ёриев эса меросхўрларни бекитиш, мерос ишига уларни жалб қилмаслик туфайли низоларнинг судгача етиб бориши амалиётда энг кўп учраётгани ҳақида тўхталди:

— Нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошираётганда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Қонуний манфаатлари бузилган шахслар судга мурожаат қилади. Фуқаролар асосан, мерос масаласида, нотариал ҳаракатлардан норози бўлганида фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишади. Албатта, ҳар доим ҳам нотариус бу муаммода айбдор бўлавермайди. Баъзан меросхўр чет элда бўлса, уни топишнинг имкони бўлмаса, у ҳақида маълумот бермай қўя қолишади. Кейинчалик ўша меросхўр ватанга қайтиб келгач, ўз ҳуқуқларини тиклашни, нотариал ҳаракатни ҳақиқий эмас деб топишни сўраб, судга мурожаат қилади. Баъзан меросдан воз кечган меросхўр марҳумнинг яна бошқа мулки аниқланса, мероснинг бу қисмидан воз кечмаганлигини айтиб, мурожаат қилиши мумкин. Аммо меросдан воз кечиш бир маротаба бўлади, меросдан воз кечган фуқаро кейинчалик даъво қила олмайди. Бугунги давра суҳбатида ана шундай нотариал ҳаракатларни такомиллаштириш, фуқароларнинг мулк ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ягона амалиётни жорий қилиш каби долзарб вазафани кўриб чиқилди. Мақсадимиз – битта амалиёт орқали фуқароларнинг сарсонгарчилигининг олдини олиш.

Давра суҳбати сўнгида меросхўрларни яширганлик учун жавобгарлик белгиланиши, биргаликдаги мулк ҳуқуқи, эр ёки хотиннинг вафотидан кейин мулкни тасарруф этиш ва бошқа нотариал ҳаракатларга нисбатан ўзгартишлар киритиш бўйича қонунчиликка таклифлар киритишга келишиб олинди.