Сўнгги олти йил давомида «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан тадбиркорларнинг 47 мингдан ортиқ лойиҳаларига 17,1 трлн сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу маблағларнинг тақсимланиши қуйидагича амалга оширилган: 13,5 минг лойиҳага 10,4 трлн сўм кафиллик, 33,5 минг лойиҳага 6,7 трлн сўм компенсация, 49 лойиҳа учун 35 млрд сўм ресурслар ва 3 лойиҳа учун 11,9 млрд сўм хизматлар ипотекаси.
Ҳудудлар бўйича ёрдамлардан энг кўп фойдаланилган вилоятлар: Хоразм (12%), Тошкент (10%), Бухоро (9%) ва Тошкент шаҳри (9%).
Соҳалар бўйича кўрсатилган ёрдамлар қуйидагича тақсимланган: қишлоқ хўжалиги лойиҳалари учун 9,1 трлн сўм (53%), саноат лойиҳалари учун 4,4 трлн сўм (26%) ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун 3,6 трлн сўм (21%).

Ёрдамлар энг фаол фойдаланган туман ва шаҳарлар: Боғот, Чилонзор, Ромитан, Урганч, Шовот, Зангиота, Гурлан, Бухоро, Андижон ва Термиз.
“Ёрдамлар натижасида жами 76 трлн сўмдан ортиқ кредитлар кафиллик ва компенсация орқали қўллаб-қувватланди, айланма маблағлар учун 6,7 трлн сўм маблағлар тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилди, ажратилган кредитларнинг 39% гаров таъминоти билан таъминланди, тадбиркор аёлларнинг 6 мингга яқин лойиҳаларига ёрдам берилди, яшил лойиҳа ва энергия тежамкор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 2,1 трлн сўм йўналтирилди, олис ҳудудлардаги тадбиркорлар учун 3,2 трлн сўм йўналтирилди ва буларнинг ҳисобига 379,4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади”, — дея қайд этмоқда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ ахборот хизмати.
Хабарга кўра, 2024 йил якунига қадар 2,1 минг лойиҳа учун 1,4 трлн сўм миқдорида ёрдам кўрсатилиши прогноз қилинмоқда. Бу маблағларнинг тақсимланиши қуйидагича: 556 млрд сўм кафиллик, 300 млрд сўм хизматлар ипотекаси, 300 млрд сўм кредит ресурси, 115 млрд сўм компенсация ва 84 млрд сўм улушдор иштирок.

Ёрдамлар натижасида жами 2,2 трлн сўм миқдоридаги кредитлар қўллаб-қувватланади, айланма маблағлар учун 275 млрд сўм тадбиркорларнинг ихтиёрида қолдирилади, кредитларнинг 40% гаров таъминоти билан таъминланади, яшил ва энергия тежамкор лойиҳалар учун 168 млрд сўм йўналтирилади, 1,2 мингдан ортиқ тадбиркорларга маслаҳатлар берилади ва 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Маълумот учун: «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» 2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган ва молиявий ёрдамлар 2018 йилдан кўрсатилиш бошланган. Президентнинг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сон фармонига асосан, компания Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таъсисчилигида ташкил этилди.
ЎзА