Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда, тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижаларига кўра, жорий йилнинг 1 январидан 30 ноябригача бўлган даврда республика солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга ошган.
Жумладан, Фарғона (34,2 фоиз), Самарқанд (34,0 фоиз), Бухоро (32,6 фоиз), Жиззах (31,7 фоиз), Сирдарё (29,6 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (31,9 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (42,7 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Бюджетга солиқ тушумларининг ўсиши барқарор тенденцияни сақлаб келмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 11 ойи давомида солиқ тушумларининг ўсишига: қўшилган қиймат солиғи (32,6%) ва айланмадан олинадиган солиқ (44,4%) катта таъсир кўрсатди. Шунингдек, йил бошидан буён ташкилотлар томонидан тўланган даромад солиғи 53,8 фоизга кўпайди.
Шу билан бирга, солиқ тушумларининг ўсишига янги тадбиркорлик субъектларининг 2021 йил шу даврига нисбатан 14,4 фоизга кўпайиши таъсир кўрсатди.
Йил бошидан буён 82 мингдан ортиқ янги хўжалик юритувчи субъектлари ташкил этилди, уларнинг энг кўпи Самарқанд (9 332), Фарғона (7 951), Қашқадарё (7 470), Тошкент (6 325), Хоразм (5 240) вилоятларида ва Тошкент (14 408) шаҳрида рўйхатга олинган.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 38,6 фоизга ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Андижон (60,7 фоиз), Жиззах (55,1 фоиз), Сирдарё (46,7 фоиз), Фарғона (41,0 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (41,3 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (42,9 фоиз) кузатилди.
Умуман олганда, божхона тўловларидан тушадиган даромадларнинг ошишига 2022 йил январь-ноябрь ойларида импорт ҳажмининг ўтган йил шу даврига нисбатан 19,7 фоизга ўсиши таъсир кўрсатди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 30 ноябрга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,4 фоизга ошган. Экспортнинг сезиларли ўсиши Сирдарё (40,4 фоиз), Андижон (38,5 фоиз), Навоий (27,1 фоиз), Наманган (25,9 фоиз), Самарқанд (25,6 фоиз) вилоятларида ва Тошкент (40,5 фоиз) шаҳрида кузатилди.
Ўзбекистонда товарлар экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари ошгани билан изоҳланади.
Экспортнинг камайиши Сурхондарё (-21,0 фоиз), Бухоро (-3,4 фоиз), Жиззах (-2,9 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (-12,0 фоиз) кузатилди.
Тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми йил бошидан буён ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,7 фоизга ошди. Кредитлар бериш ҳажми Фарғона (28,9 фоиз), Самарқанд (23,6 фоиз), Тошкент (22,4 фоиз), Андижон (10,0 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (20,7 фоиз) ва Тошкент (12,7%) шаҳрида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида амалга оширилган битимлар ҳажми 37,8 фоизга ўсди. Биржа фаолиятининг сезиларли ўсиши Хоразм (56,4 фоиз), Жиззах (49,3 фоиз), Самарқанд (46,2 фоиз), Навоий (43,6 фоиз) вилоятларида ва Тошкент (46,9 фоиз) шаҳрида кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигит, автомобиль бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, буғдой, шакар, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен, полипропилен, этил спирти ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Муҳаммаджон Рашидов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассиси.
ЎзА