Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари форуми бўлиб ўтди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити олдидан мана шундай муҳим тадбирлар, мулоқотлар давом этмоқда.
Навбатдаги форумда нафақат ШҲТга аъзо давлатлар, балки кузатувчи мақомидаги давлатлардан ҳам сиёсатчилар, иқтисодчилар, халқаро муносабатлар соҳасидаги мутахассислар иштирок этди.
Форум Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги, Хитой ижтимоий фанлар академияси, Хэнань вилояти маъмурияти ҳамда бошқа медиа гуруҳлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир доирасида бир қатор йиғилишлар бўлиб ўтди. Иштирокчилар геосиёсий ўзгаришлар шароитида ШҲТ доирасидаги истиқболли ҳамкорлик векторларини таҳлил қилиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш, таҳлил марказлари ва ОАВ ўртасидаги ахборот ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар.
Ушбу форумда Ўзбекистондан ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров ҳам иштирок этди.
ШҲТнинг ташкил топиш тарихи, сўнгги 24 йилда эришилган ютуқлар, ташкилотнинг устувор мақсад ва вазифалари, шунингдек, унинг халқаро майдондаги нуфузи ҳақида сўз борди. Шунингдек, ШҲТ доирасида халқ дипломатиясининг ўрни ва унинг ташкилот мақсадларига эришишдаги салоҳияти алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири