Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таҳлил: 6 йилда мамлакатимизда қурилиш соҳасидаги инвестициялар ҳажми 10,7 бараварга ўсди
10:01 / 2023-07-04

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари қурилиш соҳасида 6 йил давомида амалга оширилган ишларни таҳлил қилди.

Маълумки, 2017-2022 йилларда Ўзбекистон қурилиш соҳаси мамлакатимиз миллий иқтисодиётининг барқарор ўсишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган соҳалардан ҳисобланади. Ўтган 6 йилда ушбу соҳада салмоқли ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, қурилиш хизматлари ҳажми 1,7 бараварга ошиб, 2017 йилдаги 34 триллион сўмдан 2022 йилда 131 триллион сўмга етди.  

ЯИМ таркибида қурилиш хизматларининг улуши 5,4 фоиздан 6,7 фоизга ўсди. Қурилиш соҳасида 1,3 миллион киши иш билан таъминланган. Ушбу соҳадаги ишловчиларнинг иш ҳақлари 2017 йилда ўртача 1,6 миллион сўм бўлган бўлса, 2022 йилга келиб ўртача 4,4 миллион сўмни ташкил этди ёки ўтган 6 йил давомида соҳада иш ҳақи 2,6 бараварга ошди.  

Тармоқнинг ривожига унга киритилган инвестицияларнинг аҳамияти катта. Инвестициялар ҳажми 2017 йилдаги 1,4 тлиллион сўмдан 2022 йилда 15 триллион сўмга етди ёки ўтган олти йилда 10,7 бараварга ўсди. 2022 йилда 131 триллион сўмлик қурилиш хизматларининг 67,9 фоизи ёки 89 триллион сўм қисми бино ва иншоотлар қурилиши, 28 триллион сўми фуқаролик объектлари ва 13 триллион сўми ихтисослаштирилган объектлар ҳиссасига тўғри келди. Шу даврда бино ва иншоотлар қурилиши 1,5 бараварга, фуқаролик объектлари қурилиши 1,7 бараварга ҳамда ихтисослаштирилган объектлар қурилиши 2,4 бараварга, қурилиш корхоналари сони эса 50 фоизга кўпайди. Яъни, 2017 йилда 22 минг 89 та қурилиш корхонаси фаолият юритган бўлса, 2022 йилга келиб соҳадаги корхоналар сони 29 минг 112 тага етди.  

2017 йилда йирик қурилиш корхоналари томонидан амалга оширилган қурилиш ишлари ҳажмининг жами қурилиш ишларидаги улуши 35 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб, унинг улуши 28 фоизга тушди. Кичик қурилиш корхоналари томонидан амалга оширилган қурилиш ишлари ҳажми ўтган 6 йилда 36 фоиздан 53 фоизга ошди. Қурилиш соҳасида норасмий сектор томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишлари эса 29 фоиздан 19 фоизга камайиб, аксарият корхоналарнинг расмийлаштирилишига эришилган.  

Қурилиш соҳасининг ривожланишида ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотларнинг аҳамияти юқори. Жумладан, ўтган даврда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши, ипотека дастурлари доирасида субсидиялар ажратиш, “Менинг биринчи уйим” дастури, қурилиш материаллари бозорини ривожлантириш, ижтимоий муҳтож қатлам учун арзон уй-жойлар қуриш, замонавий энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, кўп қаватли уйларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш, кўп қаватли уйлар массивларида ободонлаштириш тизимини такомиллаштириш, кичик ва ўрта шаҳарларни кенгайтириш, ўрта шаҳарлар инфратузилмасини яхшилаш каби бир қатор ислоҳотлар ўз натижасини берди. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивлари дастури доирасида шаҳар ва қишлоқларда 2017-2022 йиллар давомида 300 мингта уй-жой қурилди.  

Ипотека дастури доирасида ипотека кредити дастлабки бадалининг бир қисмини қоплаб бериш учун 41 мингта хонадон учун 706 миллиард сўм субсидия маблағлари тўлаб берилди.  

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА