Олимлар Эрон жануби-шарқида, Афғонистон ва Покистон билан чегарадош ҳудуддаги Тафтан вулқонининг ноодатий фаоллигини қайд этди.
“АзерТАЖ” хабарига кўра, денгиз сатҳидан 4 000 метр баландликдаги бу вулқон узоқ вақт давомида сезилмаган. Бутунлай йўқолган, деб ҳисобланган мазкур табиат ҳодисаси сўнгги бор 700 000 йил аввал содир бўлган экан. Энди эса Тафтан йўқолган эмас, балки ҳаракатсиз, дея таснифланади.
“Geophysical Research Letters” журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, вулқон тепасида босим кучаймоқда.
– Келажакда шу ёки бошқача йўл билан, қачондир, отилиш юз беради – кучли ёки сокинроқ, – дейди вулқоншунос Пабло Гонсалес.
Мутахассислари сунъий йўлдош орқали олинган янги маълумотни таҳлил қилишди. Тасвирдан кўриниб турибдики, Тафтан тепаси 10 ойда 9 сантиметр кўтарилган.
Бир қарашда бу рақам аҳамиятсиздек. Бинобарин, ҳаракатсиз вулқон учун ҳар бир сантиметр жиддий сигнал. Тадқиқотчилар фикрича, айни ҳолат вулқон яна “нафас ола бошлагани”ни англатади. Энди минтақавий ҳокимият вазиятни чуқурроқ ўрганиш учун ресурс ажратиши лозим.
Эҳтимолий фаоллик фақат тепалик шакли ўзгариши билан боғлиқ эмас. Икки йил муқаддам ижтимоий тармоқда Тафтан ёриғидан газ сизиб чиқаётгани акс этган суратлар пайдо бўлганди. Вулқондан 50 км масофада жойлашган Хаш шаҳрида аҳоли бу чиқинди ҳидини туйган.
Олимлар фикрича, чўққи кўтарилиши ер юзасидан бир неча юз метр пастда газ тўпланиши натижаси. Асосий магма сув омбори тахминан 3 500 метр чуқурликда жойлашгани тахмин қилиняпти.
Г.Сатторова, ЎзА