Ўзбекистон – илм-маърифат ўчоғи, зиё маркази бўлган қутлуғ замин
Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ватанимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси маркази, маърифат ўчоғи бўлиб дунё илм-фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келган. Юртимизда вояга етган улуғ алломалар ўзларининг бебаҳо асарлари, ибратли фаолияти билан икки буюк Уйғонишга замин яратди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи бутунжаҳон конференцияси очилиш маросимидаги нутқида бу ҳақда тўхталиб, жумладан, шундай деган эди: “Диёримиздан етишиб чиққан атоқли алломалар, алгебра фани ва алгоритм тушунчасига асос солган Ал-Хоразмий, минералогия фанининг тамал тошини қўйган Ал-Беруний, дунёда Авиценна номи билан танилган машҳур тиббиёт олими Ибн Сино, бир минг ўн саккизта юлдузнинг координатларини ва ҳаракатини аниқ белгилаб берган буюк астроном Мирзо Улуғбек, Нил дарёсининг сатҳини ўлчовчи ноёб ускуна яратган аллома Аҳмад Фарғоний каби улуғ аждодларимиз ўзларининг бебаҳо асарлари, илмий ва ижодий кашфиётлари билан Ўрта асрлардаги биринчи ва иккинчи Шарқ ренессанси ривожига улкан ҳисса қўшганлар”.
“Биринчи Ренессанс алломалари” китобида дунё илм-фанида рўй берган ана шундай ноёб ҳодисалар ҳақида сўз юритилади. Муаллифлар жамоаси ўз олдига заминимизда рўй берган икки буюк Уйғониш даври, шунингдек, бугунги кунда учинчи Ренессансга қўйилаётган пойдевор, янги тамаддун асосларини очиб беришга аҳд қилган.
Аслида, лойиҳа учта китобдан иборат бўлиб, “Биринчи Ренессанс алломалари” унинг дастлабкисидир. “Иккинчи Ренессанс алломалари”, “Учинчи Ренессанс инсонпарварлик ва илм-маърифат асосига қурилмоқда” ўқув қўлланмалари асарнинг мантиқий давоми бўлиб, уларда Шарқ маданиятининг олтин асри ва бунда муҳим роль ўйнаган соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг ибратли ишлари, жадид боболаримизнинг бой мероси ва янги Ўзбекистон бош меъмори томонидан олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Тарихий маълумотлар жаҳондаги энг қадимий илмий масканлар ҳам айнан она диёримизда пайдо бўлганини тасдиқламоқда. Бу ҳақда сўз юритилганда, Бухорода 300 дан ортиқ, Самарқандда эса 120 га яқин, Хивада 64 та ўз даврининг университетлари ҳисобланган мадрасалар фаолият кўрсатганини келтириш кифоя. Биргина Мирзо Улуғбек томонидан ташкил қилинган мадраса бутун дунёдан келган илму толиб ва олимларни бир жойга йиғиб, ўз даврининг жаҳоншумул янгиликларини яратишда бамисоли академия вазифасини ўтаган. Қувонарлиси шундаки, рўйи замин сайқали ҳисобланган шаҳардаги Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ушбу илмий даргоҳнинг вориси ҳисобланади.
Қайси даврда бўлмасин, юртимиздаги илм-фан даргоҳларида етти иқлимдан келган толибларга барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Улар ётоқ жой билан таъминланиб, ҳатто кундалик харажатлари қоплаб берилганки, пировардида дунё илм-фани ривожида янги даврни бошлаб берган буюк олимлар етишиб чиққан.
“Биринчи Ренессанс алломалари” рисоласи заминимиздаги илк тамаддун бунёдкорларининг илмий фаолияти, улар қолдирган бой мерос ва унинг бугунги тараққиётдаги ҳиссасига бағишланади.
Маълумки, IX — XI асрларда юртимизда цивилизациянинг янги даври бошланиб, давлат юритишдаги ва сиёсатдаги янгиликлар илм-фан кишиларини эзгу ғоялар теварагида бирлаштирди. Натижада математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезия сингари фанлар ривожланиб, биринчи Ренессансга асос бўлди. Бунда ўз бағрига даҳо мутафаккирларни тўплаган олий даргоҳ — Хоразм Маъмун академияси муҳим роль ўйнаган.
Дунё олимларининг эътироф этишича, “Дорул ҳикма” номини олган мазкур илмий муассаса нафақат ўз минтақаси, балки бутун дунё учун акселератор вазифасини ўтаган. Ушбу даргоҳда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Мансур ибн Ироқ, Абу Саҳл Масиҳий, Абул Ҳайр ибн Ҳаммор, Абу Мансур ас-Саолобий, Абу Али ибн Мисковайҳ, Абдулҳаким Муҳаммад ибн Абдулмалик ас-Солиҳ, Ал-Хорожий, Ал-Ҳамдамкий, Абу Абдуллоҳ ал-Биян ал-Найсабурий, Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Суҳайлий ал-Хоразмий, Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Саҳрий, Маҳмуд Ҳамид ибн Хидр ал-Хўжандий каби кўплаб фан намояндалари илмий тадқиқотлар олиб боришгани фикримиз тасдиғидир.
Хоразм Маъмун академияси олимлари Юнонистон, Яқин ва Ўрта Шарқ, Ҳиндистон илм-фан ютуқларини ижодий, танқидий ўрганиб, уни янада юксак босқичга кўтарган. Уларнинг илмий фаолияти, асарлари туфайли қадимги бадиий санъат, халқ оғзаки ижоди, адабиёт, тарих, тиббиёт, геодезия, минералогия, география, этнография, астрономия, математика, геометрия, суғориш маданияти ютуқлари жаҳон тамаддуни хазинасига кирган ва бутун инсоният манфаатларига хизмат қила бошлаган.
Масалан, қомусий олим Абу Райҳон Беруний асарлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жумладан, алломанинг “Осори ал-боқия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асари жаҳон тарихини ўрганишда ноёб манба ҳисобланса, “Китоб ал-жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир” (“Қимматбаҳо тошларни билиб олиш бўйича маълумотлар тўплами”) асари нодир тошлар, камёб металлар, минераллар ва уларнинг физик (қаттиқлиги, солиштирма оғирлиги, ранги, қирраларининг тузилиши ва бошқалар), химиявий (таркибида қандай моддалар борлиги, сув ва оловга чидамлилиги) хусусиятларини тадқиқ этишда ниҳоятда муҳим қўлланмадир.
Китобда келтирилганидек, Беруний ўз кашфиётлари билан ривожига ҳисса қўшмаган фан соҳаси бўлмаса керак. У биринчи бўлиб, Ер шари глобусини ясаган. Бу ихтиродан барча географлар, ҳар бир зиёли бугунги кунда ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда. Олимнинг астрономия равнақига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс. У гарчи оламнинг тузилишига Птолемейнинг геоцентрик (оламнинг марказида Ер шари туриши ҳақида) қарашларидан туриб ёндашса-да, бу масалага оригинал тарзда, яъни Ер шарини ҳаракатланувчи тизим, деб билади. Бундай қараш ўша даврларда Ерни ҳаракатсиз деб ҳисобловчи ҳукмрон назарияларга зид келувчи илмий жасорат эди.
Хоразм Маъмун академиясининг яна бир атоқли вакили Абу Али ибн Сино бўлиб, у дунё тиб илмининг асосчиси дея тан олинади. Қомусий олим деярли барча фан соҳалари билан шуғулланган. У қолдирган бебаҳо мерос бугунги ҳаётимизда ҳам ниҳоятда асқатмоқда.
Ибн Синонинг 5 китобдан иборат “Тиб қонунлари” асари тиббиётнинг умумий назарий ва амалий масалаларига бағишланган. Мазкур ноёб асарда тиббиётнинг назарий асослари, унинг предмети ва вазифалари, касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари, профилактикаси, доривор гиёҳларнинг номи, хусусиятлари, тиббий малҳамларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён этилган.
Олимнинг таъбирича, тиббиётнинг асосий вазифаси, “инсон соғлиғини сақлаш, агар касаллик пайдо бўлган бўлса, бу касалликни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш ва уларни йўқотиш орқали соғлиқни тиклашдан иборат”. Аллома тиб илмида назарий билимлар ва амалиёт ўзаро боғлиқ бўлиши, бир-бирига асосланмоғи зарурлигини, акс ҳолда у ривож топмаслигини қайд этади.
Абу Али ибн Синонинг фикрича, “Тиб илми, аввало, икки қисмга — назарий ва амалий қисмларга бўлинади... Тибнинг амалий қисми иккига бўлинади. Биринчи қисми соғлом танларнинг тадбирини билиш, бу соғлиқни сақлашга тааллуқли бўлгани учун соғлиқни сақлаш илми деб аталади. Иккинчи қисми — касал таннинг тадбирини билиш бўлиб, соғлом ҳолатга қайтариш йўлларини кўрсатади, бу даволаш илми деб аталади”. Ибн Сино касалликни ўрганишда объектив шароитни ҳар томонлама билишга катта аҳамият берди, муҳитдаги турли табиий нарсалар, сув, ҳаво орқали касаллик тарқатувчи кўзга кўринмайдиган “майда ҳайвонотлар” ҳақидаги фикрни олға сурди.
“Тиб қонунлари” 800 йил давомида ҳакимлар учун асосий қўлланма бўлиб келди. Ўрта асрларда китобдан Шарқдагина эмас, балки ўарб мамлакатларининг университетларида ҳам талабалар учун тиббиётдан ягона дарслик сифатида фойдаланилди.
Истиқлол йилларида Хоразм Маъмун академиясининг қайта туғилиши дунё олимлари, илм-фан жамоатчилиги томонидан олқишланди. ЮНЕСКОнинг 2004 йилда ушбу табаррук илм даргоҳининг 1000 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори эса Ўзбекистон илм-маърифат ўчоғи, зиё маркази бўлганининг жаҳоний эътирофи бўлди, албатта.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил январь ойида Хоразм вилоятига, хусусан, Хоразм Маъмун академиясига ташрифи давомида берган топшириқ ва кўрсатмалари ушбу илм-фан даргоҳи фаолиятида туб бурилиш ясади. Яъни муассаса Давлат бюджетидан молиялаштириш тизимига ўтказилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланди, олимлар учун барча шарт-шароит муҳайё қилинди. Бу эса ота-боболаримиз қолдирган бебаҳо илмий меросни асраб-авайлаш баробарида, илмий янгилик ва кашфиётлар қилиш, инновациялар яратиш, ёшларни илмга жалб этиб, иқтидорли, дунё тан оладиган янги авлод олимлари етиштиришга катта рағбат бўлди.
Халқимиз тарихида рўй берган икки Уйғониш даврининг сири нимада эди? Ўша даврдаги залварли ютуқлар замирида нималар ётибди? Қайси омиллар янги Ренессанс вужудга келишини таъминлаган?
Рисола билан танишган ўқувчи ушбу саволларга муфассал жавоб топа олади. Шубҳасиз, уйғониш даврларининг барчасига хос бўлган хусусиятлардан бири антропоцентризмдир. Бошқача айтганда, Ренессанс инсон эҳтиёжлари, эркинликлари ва ҳуқуқларини таъминлашдан бошланади. Шу маънода, бугун буюк ўзгаришларга гувоҳ бўлган қутлуғ заминимизда навбатдаги эврилишларга тамал тоши қўйиляпти, инсон қадри улуғланяпти, ёшларга кенг имкониятлар эшиги очиб бериляпти. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар инсон қадрини кўтариш, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришдек эзгу мақсадга йўғрилган. Айни чоғда давлат раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли эркин ва демократик сиёсий муҳит, адолатли жамият, илм-фан ривожи учун қулай шарт-шароит яратиб берилмоқда. Бу Юртбошимизнинг “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги хоразмийлар, берунийлар, ибн синолар, улуғбеклар, Навоий ва бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, деган даъватига ҳамоҳанг олиб борилаётган тизимли янгиланишларнинг амалдаги инъикосидир.
Ўтмишга боқиб, холис таҳлил қиладиган бўлсак, мамлакат бошқарувида олиб борилган одил сиёсат, давлатнинг илм-маърифатга кучли эътибори, таълим-тарбия устувор этиб қўйилгани ҳар иккала Уйғониш даврида ҳам энг муҳим жиҳат бўлган. Қолаверса, одамларда илм-фанга ташналик билан бирга, борлиқ сирларини очиш ва янги илм яратишга иштиёқ кучли бўлган. Натижада олимларимиз ўзлари сезмаган ҳолда, Ренессанс даврининг бунёдкорларига айланган.
Шу маънода, кейинги йилларда янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган тинчлик сиёсатини, барча соҳада бошланган инқилобий ислоҳотларни, халқаро миқёсдаги дўсту биродарлик муносабатларини, айниқса, илм-фан, таълим соҳасидаги бемисл инновацион янгиланишлар, олим ва зиёлиларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, ёшлар таълим-тарбияси йўлида бажарилаётган кўламдор ишларни маърифатпарвар Хоразмшоҳ Али ибн Маъмуннинг, адолатпарвар соҳибқирон Амир Темурнинг тутумларига қиёслаш мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида асосий сиёсий ислоҳотларнинг бош мақсади Ўзбекистонни ривожланган, ҳар томонлама илғор мамлакатга айлантириш бўлиб, жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновациялар бунга эришиш йўли сифатида танланган. Жонажон Ўзбекистонимизда ислоҳотлар шиддатли тус олгани, жамиятда кузатилаётган янгиланишлар, илм-фанга чанқоқ ёшларимизнинг халқаро даражада қўлга киритаётган ютуқлари юртимизда яна бир уйғониш руҳи кеза бошлаганидан дарак бераётир. Шундай экан, учинчи Ренессанс узоқ истиқболда эмас, аксинча, бизнинг замонамизда рўй беришидан умидвормиз. Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Биз юртимизда Учинчи Ренессансни барпо этиш масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз. Мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”.
Мени хурсанд этгани, рисолалар туркумида давлатимиз раҳбарининг ушбу ғояси асосида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, буюк алломаларнинг издошлари эришаётган ютуқлар ҳам содда ва халқона тарзда очиб берилишидир.
Энг асосийси, мазкур рисола қаҳрамонлари бугун эътироф, эҳтиром қилиб айтилаётганидек “Биринчи Ренессанс алломалари”дир. Уларни шу боис ҳам мажозий маънода “асрларга ёқилган маёқ”, “ақл машъали”, “тафаккурнинг қудратли илдизлари” дея айтиш мумкин. Зеро, уларнинг яратган асарлари, ихтиролари “ақл машъали” сифатида ҳануз илм оламига ёруғлик бахш қилиб турибди ва туражак. Уларнинг интеллекти, ғоятда юқори салоҳияти натижасида юзага келган асарлари эса ҳар бир давр учун тафаккурнинг қудратли илдизларидир. Ана шу илдизлар ўз давридаёқ фаннинг қудратли, нуфузли чинорлари даражасига етишганди. Орадан ўтган асрлар давомида бу чинорлар мустаҳкам илдизга эга муқаддас заминда бунёд бўлгани учун янада қудрат, янада улуғворлик касб этди.
Табиийки, тафаккурнинг қудратли илдизларидан, ана шу улуғвор фан чинорларидан баҳрамандлик, уларга мансублик ҳисси, ворисийлик фахру ифтихори, бугунги учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган давр илму фани учун, умуман олганда, жамиятимиз учун шиддаткор куч-қувват бўлиб хизмат қилади. Бу сиймоларнинг ҳаёти, илмий фаолияти эса ҳар бир давр фан оламига қадам қўяётган ёшлар учун ибрат тимсолидир.
Энг асосийси, улар билан фақат фахрланиб қолиш эмас, балки уларга муносиб издош, ворис бўлишда. Уларнинг асарларини санаб, шунчаки эҳтиром кўрсатишдамас, асарларини, ихтироларининг моҳиятини қунт билан ўрганишда, қайта нашр этишда, улар ҳақида ҳужжатли, бадиий фильмлар ишлаб, тарғиб қилишдадир. Aна шунда уларнинг фақат номигина эмас, асарлари, ибратли ҳаёти кенг оммага етиб боради ва кенг оммадаям илмга, фанга ихлос кучаяди. Бу жараён эса жамиятнинг, давлатнинг интеллектуаллигини оширади. Интеллектуал жамият, давлат эса учинчи Ренессанс пойдеворини янада мустаҳкам, аждодларга хос тарзда қўя олади. Бу борада эса биринчи Ренессанс сиймолари ҳақидаги илмий-оммабоп тўпламнинг аҳамияти катта ва боя таъкидлаган вазифалар учун асос бўлиб хизмат қилади. Шу жиҳатдан ушбу тўпламнинг аҳамияти беқиёсдир.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза, ушбу тўплам муаллифларининг бугунги давримиз илму фан намояндалари эканлигидир. Табиийки, уларнинг “Биринчи Ренессанс алломалари” билан фахрланиб қолмасдан, ўзлари ҳам фан истиқболига катта ҳисса қўшаётгани асарнинг таъсирчанлигини, ўқишлилигини, оммабоплигини янада оширади.
Мухтасар айтганда, “Биринчи Ренессанс алломалари” номли рисола она Ватанимиз тарихининг ёрқин лавҳаларини ифода этувчи, буюк алломаларимиз ҳаётининг сўнмас қирраларини очиб берувчи асар ҳисобланиб, барча ўқувчиларга манзур бўлади, деган умиддамиз.
Ўткир РАҲМАТ.