Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тафаккури кенг, соғлом ёшлар янги марраларни забт этаверади
10:40 / 2022-12-26

Муносабат

Мамлакатимизда охирги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, имконияти чекланган шахсларнинг жисмоний реабилитацияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда спортчиларимизнинг халқаро майдонларда муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада йил давомида қўлга киритилган муваффақиятлар салмоқли кўриниш олди.

Шу билан бирга, айрим спорт йўналишларида, соҳанинг баъзи жабҳаларида кутилган мақсадларга эришилмаганлиги  ҳам бор гап.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномасида кўтарилган масалалар, айтиб ўтилган жиҳатлар, қарашлар, ислоҳотларнинг бош мезони мамлакатимиз спорт тизимида ҳам муҳим масалалар ўз ечимини кутиб турганлигини кўрсатмоқда.

Дарҳақиқат, Мурожаатномада таъкидланганидек, бу йил 381 нафар спортчимиз жаҳон ва Осиё мусобақаларида, 43 нафар иқтидорли ва билимдон ёшларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида совринли ўринларни қўлга киритгани барчамизни албатта қувонтиради. Бироқ, Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт йўлини мустаҳкамлаш борасида қилиниши керак бўлган муҳим масалаларнинг 2023 йилдаги устувор олтита йўналиши кўрсатиб ўтилганлиги айни муддао бўлди.

Энг аввало, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш орқали Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлаш зарурлиги, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда”лиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши, жамиятда эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни жалб этиш борасида илгари сурилган таклиф ва аниқ мақсадлар мамлакатимиз спорт соҳасига ҳам бевосита дахлдордир. Зотан, оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш ёки Олимпия ва жаҳон чемпионатларида ғалаба қозониш учун ҳам билим ва тафаккур, тарбия зарур. Айни хислатлардан мосуво кишиларда эса ватанпарварлик ҳам, халқпарварлигу куйинчаклик ҳам бўлмайди.

Тўғри, кейинги йилларда оммавий спорт тадбирларини янгича тамойиллар асосида ўтказиш билан спорт таълимига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу, спорт таълими йўналишида юртимизда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилишига, соҳани халқаро таълим стандартлари асосида ислоҳ этилишига йўл очди. Айни ҳолат, Ўзбекистон спортининг кейинги тараққиёт манзилларини белгилаб беришга асос бўлмоқда.

Юртимиз ёшларининг ватанпарвар, эл-юрт учун фидойи инсонлар бўлиб вояга етишида спортнинг ўрни беқиёс. Ўтаётган йил давомида мамлакатимизда расмий чемпионат, биринчилик, кубок мусобақаларидан ташқари “Беш ташаббус олимпиадаси”, маҳалла турнирлари, шунингдек, кураш, футбол, шахмат, стол тенниси, енгил атлетика, пара спорт турлари бўйича оммавий тадбирлар ташкил этилганлиги соғлом турмуш тарзи тамойилларини аҳоли ўртасида кенг ёйилишига, дахлдорлик туйғуси минглаб навқирон авлод вакиллари қалбига жо бўлишига сабаб бўлди.

Шу жиҳатдан, мамлакатимизда аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини кейинги беш йилда 33 фоизга етказиш белгиланган бўлиб, йил давомида 6 миллион нафарга яқин ўғил-қизлар оммавий спорт тадбирлари билан қамраб олинди.

Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, лойиҳалар қийматини мақбуллаштириб, майдончалар ташкил этиш, оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш ишлари йил давомида ташкил этилди ва бу жараёнлар келаётган 2023 йилда ҳам тизимли тарзда давом эттирилиши назарда тутилган.

Мурожаатномада “ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарур”лиги билдирилди. Бу, ёшларимизнинг ҳар томонлама билимли ва соғлом бўлишига хизмат қилади.  

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга, кенг жамоатчиликка йўллаган Мурожаати орқали мамлакатимизнинг янги истиқбол режалари белгилаб олинди. Хусусан, спорт соҳасида иқтидорли ёшларни саралаб олиш, уларни спорт турларига қизиқтириш, пировардида, олов қалб ёшларимизни Янги Ўзбекистоннинг тимсоли сифатида катта ареналарга олиб чиқиш, жонажон Ватанимизнинг спорт қудратини ёрқинроқ намойиш этиш асносида халқимизнинг ғурурини юксалтириш соҳа мутахассисларининг бирламчи вазифаси бўлиб қолаверади.

 

Тўлқин РЎЗИЕВ,

ЎзА мухбири