Таэквондочиларимиз учун мавсумнинг илк турнири муваффақиятли бошланди
Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида таэквондо WT бўйича “ Fujairah Open-2026” халқаро мусобақасининг катталар ўртасидаги беллашувларида вакилларимиз муносиб иштирок этмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси сафидан жой олган София Хан (53 кг.) ва Мадина Мирабзалова (57 кг.) финалга қадар барча рақибларини енгиб, кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Лайло Зайнуддинова (53 кг.), Севинч Ҳаётова (62 кг.) ҳамда Ирода Миртожиева (+73 кг.) каби таэквондочиларимиз шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
“Fujairah Open-2026” турнирида турли давлатлардан келган 2 минг 250 нафарга яқин спортчи бир қатор ёш тоифаларида 5 февраль кунига қадар рақобатлашади.
Маълумот учун, ўтган йили мазкур мусобақада миллий терма жамоамиз катталар орасидаги беллашувларда жами 2 та олтин, 1 та кумуш ҳамда 5 та бронза медални қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА