Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида турли ёш тоифалари ўртасида таэквондо WT бўйича “Fujairah Open-2026” халқаро турнири ўтказилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, мазкур мусобақада катталар ўртасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза медалларига сазовор бўлган эди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, “Fujairah Open-2026” турнирида эркаклар ўртасидаги баҳсларда Нажмиддин Қосимхўжаев ва Ёдгор Жўрабоев олтин, Омонжон Отажонов, Мироншоҳ Музаффаров, Жасур Жайсунов, Марат Мавлонов кумуш, Камрон Мансуров, Шамсиддин Қурбонов ҳамда Диёр Тўхлибоев бронза медалини қўлга киритди. Улар қайд этган натижаларга кўра, эркаклар терма жамоамиз жами 8 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўриндан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ташкил этилган мазкур турнирда эркак таэквондочиларимиз 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медалини қўлга киритган эди.
Айни дамда, “Fujairah Open-2026”да ёшлар ва ўсмирлар ўртасида медаллар учун кураш давом этмоқда. Умид қиламизки, мусобақада вакилларимиз яна медаллар шодасига эга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА