2025 йил мамлакатимиз таэквондочилари учун мусобақаларга бой кечган бўлса, жорий йилги спорт мавсуми ҳам ҳар жиҳатдан масъулиятли бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясининг йил якунлари ҳамда 2026 йилги спорт мавсумига бағишланган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов раислигида ўтказилган йиғилишда ўтган йилги мавсумда юртимиз таэквондочилари халқаро мусобақаларда 54 та олтин, 40 та кумуш, 59 та бронза, жами 153 та медаллар шодасига эга чиққани таъкидланиб, жорий йилда ушбу натижаларни янада юксалтириш масаласида фикр юритилди.
Муҳокамалар жараёнида олимпия спорт тури таэквондони янада ривожлантириш йўлида бажарилган ишлар, вилоят бўлимлари, мураббий ва мутахассислар фаолияти сарҳисоб қилинди. Ҳисоботлар тингланди.

Билдирилган фикрлар, таклифлар асосида дунёнинг бир қатор мамлакатларида ўтказиладиган халқаро турнирларда терма жамоа аъзоларининг муносиб иштирокини таъминлаш, Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига ҳозирлик, ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинларида самарадорликка эришиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ҳудудларда оммавий турнирлар ташкил этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юкланди.
Т.Рўзиев, ЎзА