Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида таэквондо бўйича ўтказилган Осиё чемпионати мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари учун омадли якунланди.
Қитъанинг 20 га яқин давлатидан маҳоратли таэквондочилар қатнашган баҳсларда юртимиз спортчилари ҳар иккала ёш тоифасида 3 та олтин, 2 та кумуш, 6 та бронза, жами 11 та медаллар шодасини қўлга киритди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Беҳруз Салимов, Валерия Хегай, Жавоҳир Хидоятов олтин, Аҳаджон Мухторов ва Назарали Назаров кумуш, Амина Камалова, Мубина Бабасаидова, Лайло Зайниддинова, Камрон Мансуров, Жавлон Ҳакимов ҳамда Зебо Хошимжонова бронза медалларига эга чиқишди.
Ўсмир-ёшларимизнинг муваффақияти шарафига Вьетнам спорт майдонида 11 марта хур байроғимиз юксалиб, уч марта Ўзбекистон мадҳиясининг янграши алоҳида аҳамият касб этди.
Бундан ташқари мазкур чемпионат терма жамоамизнинг асосий таркиби учун муносиб издошлар етишиб келаётганлигини кўрсатди.
Т.Рўзиев,
ЎзА