Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таэквондо маркази иш бошлади
09:33 / 2024-05-26

Жиззах вилояти Зомин тумани Даштобод шаҳарчасида Президентимизнинг 2022 йил 29 июлдаги “Таэквондо (WТ) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида таэквондо ва Шарқ якка кураши турлари билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилган ихтисослаштирилган марказ қуриб фойдаланишга топширилди.

Янги спорт залининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги, Спорт вазирлиги, Таэквондо (WТ) ассоцацияси, вилоят таэквондо федерацияси вакиллари, меҳнат фахрийлари, спортчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.  

Тадбирда сўзга чиққанлар  мазкур марказ иқтидорли ёш спортчиларни танлаш, уларни келгусида миллий терма жамоаларимизнинг асосий ва захира таркибига тайёрлаб беришда муҳим база бўлишини таъкидлади.  

Шундан сўнг, рамзий боғич кесилиб, тадбир қатнашчилари марказ билан танишди. Бу ерда машғулот учун катта зал, ўғил ва қиз болалар учун алоҳида ечиниш ва кийиниш, ювиниш хоналари ташкил этилган. Энди вилоят терма жамоаси мураббийлари Умид Нормурадов ҳамда Фотима Холмирзаева шогирдларига шу ерда сабоқ беради.

– Юртбошимизнинг ташаббуси билан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг спорт турлари билан шуғулланиши учун шароитлар яратиб беришга қаратилаётган эътибори самарасида шаҳарчамизда ушбу спорт маркази барпо этилганидан нафақат ёшлар, балки кексалар ҳам жуда мамнун бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Холмурод Қўлдошев. – Энди ёшларимиз бўш вақтларида спорт билан машғул бўлади. Спорт билан ошно бўлган киши эса ҳамиша соғлом ва бардам юради.  

– Даштобод шаҳарчамизда бунёд этилган  бу маскан ёшларимиз учун айни муддао бўлди, – дейди “Париж – 2024” олимпиадаси йўлланмаси соҳибаси Озода Собиржонова. – Мени қувонтиргани, “Таэквондо (WT) ҳамма учун!” дастурига кўра, ушбу мажмуада ёшлар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва кўп болали оилаларнинг фарзандлари ҳам спортнинг таэквондо тури билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиб берилгани бўлди.  

Масканда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, халқаро мусобақалар ва асосан келгуси йил мамлакатимизда ўтиши белгиланган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш учун барча шароит яратилган. Умид қиламизки, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларимиз  сафи янада кенгаяди.  

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),

ЎзА мухбирлари