Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадқиқотчилар: бола мияси экран олдида ўтказилган вақтда тўлақонли ривожланмайди
12:20 / 2023-04-03

Ахборот асрида жамият ҳаётини интернет, ноутбук, смартфонларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Замонавий дунёда «ўргимчак тўри» – интернетда ўтказиладиган вақтни мажбуран чеклаш ёки ундан фойдаланишдан бутунлай воз кечиш деярли имконсиз. Аммо гаджетлардан оқилона фойдаланиш, уларни ишлатиш одобига риоя қилиш муҳим. Зеро, улардан тартибсиз фойдаланиш натижасида «Виртуал аутизм» касалликги келиб чиқади.

Аутизм – бу мия дисфункцияси билан боғлиқ ривожланишнинг бузилиши, хулқ-атвор ва фаолиятнинг чекланган паттернлари. Виртуал (рақамли) аутизм мультимедиа, планшетлар ва смартфонлар таъсирида ривожланди.  

Смартфон, интернетга ҳаддан ташқари қарамлик, ижтимоий тармоқларни доимий текширишга зарурат сезиш, ижтимоий муносабатларга кириша олмаслик, кўз орқали контактнинг йўқлиги, нутқий ривожланишдан орқада қолиш, коммуникатив кўникмаларнинг пасайиши, танқидий фикрлашнинг бузилиши ҳамда ёлғизлик ҳисси виртуал аутизмнинг белгиларидир.  

Маълумки, инсон организми ташқи муҳитдан турли қўзғалишларни қабул қилиб (таъм билиш, ушлаб кўриш, ҳид билиш туйғуси ва ҳ.), бу ҳақдаги маълумотни марказий нерв тизимига узатади ҳамда атроф-муҳитга мослашишига имкон беради. Тадқиқотчиларнинг фикрича, болалар мияси экран олдида ўтказилган вақтда тўлақонли ривожланмайди, болада ёшига мос бўлган ижтимоий кўникмалар шаклланмайди. Натижада нейронларнинг маълум қисми миянинг мунтазам фаолиятида иштирок этишни тўхтатади. Экрандаги шовқин негатив ҳиссиётларни чақириши, у эса ўз навбатида болада девиант-агрессив хулқни намоён қилиши мумкин. Экспертлар томонидан 1-2 ёшли болаларга мультимедиа технологияларига яқинлашиш имкониятини тўлиқ чеклаш, 3-6 ёшли болаларга кунига 1 соатдан ортиқ изн бермаслик, 6-13 ёшдагиларга 1-2 соатгача рухсат бериш тавсия қилинади.  

Болаларнинг кўпроқ кўчада, табиат қўйнида мулоқотда бўлишига эътибор бериш зарур. Рақамли ҳаётга сарфланган вақтни кузатиб бориш, ҳар куни иловалардан фойдаланиш учун чеклов ўрнатиш керак.  

Шунингдек, оилада мультимедиадан воз кечиш соати қоидасини киритиб, бу вақтни оилавий суҳбатлашиш ёки китоб ўқиш билан ўтказиш самаралидир. Яқинларингиз билан ҳамдард бўлинг. Уларнинг муаммоларини тушунишга ҳаракат қилинг, қувонч ва тажрибаларини баҳам кўринг. Ўз устида ишлаш ва ўз-ўзини назорат қилиш туфайли янада шахсий ва касбий камолотга эришиш мумкин. Бу камолот уфқларини кенгайтиришга ёрдам беради.  

Моҳира Холиқова,  

Тошкент шаҳар Педагогларни янги методикаларга ўргатиш  миллий маркази директори,  

филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент 

ЎзА