Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадқиқотчи рассомлар кўргазмаси
15:33 / 2025-10-09

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, Ўзбекистон Бадиий академиясининг стажёр-тадқиқотчилари, истеъдодли ва истиқболли 4 нафар ёш рассомнинг “Дилнинг садоси” номли гуруҳ кўргазмаси бўлиб ўтди.

Кўргазмада рассомлар Зуҳриддин Қиёмов, Темур Лашенов, Мирвоҳид Мирсаидов, Бобур Ваҳобжоновларнинг 100 га яқин сара асарлари намойиш этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, кўргазмада тақдим этилаётган ишлар ҳар бир ижодкорнинг профессионал маҳорати ўсиб, янада аниқроқ ва мукаммалроқ бўлиб бораётганини кўрсатади.  

Экспозициядаги асарларнинг мавзуси, композицион ва ранглар ечими ҳам бир-бирига уйғун, бир-бирини тўлдирган. Ҳар бир ижодкор ўз ички оламини турли унсурлар, рамзлар, қиёфалар ёки ранглар орқали очиб беришга уринган.  

[gallery-25673]

Хусусан, З.Қиёмовнинг “Мулоқот” номли композицион асарида тасвирланган бўри гўёки инсон каби томошабин билан юзлашиб, “мулоқотга киришмоқда”. Муаллиф қиёфа ва рангга композиция моҳиятини шарҳлаб берувчи вазифани юклаган.  

Т.Лашеновнинг “Қадрдон уй” номли композицияси эса бутунлай бошқа ечимини топган. Картинани очиб беришда рассом кўпгина воситалардан фойдаланган, бироқ унда тасвирланган дарахт ўзининг маҳобатлилиги туфайли худди “йирик бир олам” кўринишини олган. Биргина дарахтнинг ечими бутун композицияга ҳайбат, ҳаяжон бағишламоқда.  

Б.Ваҳобжоновнинг “Қайтиб бўлмас саҳарлар” номли туркум асарлари ўтмиш бўлиб қолган ҳаётнинг саҳифаларини соғиниб, қўмсаб варақлагандек таассурот қолдиради. Туркумда тасвирланган “дарахт”, “чопон”, “ўйинчоқча” сингари жонсиз иштирокчилар биргина бола (муаллиф)нинг ички оламини, унинг соғинч, балки ўкинчларини янада ёрқинроқ ифодалашга хизмат қилмоқда. Ранглар ечими ҳам айни ҳиссиётларни кучайтириб бериш ва шарҳлашда усталик билан тугалланган.

М.Мирсаидовнинг “Сўнгги манзил” асари ҳам томошабин диққатини жалб қилмасдан қолмайди. Асарнинг композицион ва ранглар ечими маҳобатли ва умумийликни мужассам этади. Айниқса, ранглар “манзил”нинг бирмунча маҳзун қиёфасини намойиш этади.  

Гулноза Бобоева,  

Аслиддин Алижонов (сурат),

ЎзА