Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадқиқот ва тижорат
15:49 / 2024-09-17

Илмий тадқиқот — инсониятнинг дунё ҳақидаги билимларини чуқурлаштириш ва ривожлантириш бўйича доимий изланишлари ва ҳаракатларининг маҳсулидир. Илмий тадқиқотлар турли соҳаларда, масалан, табиатшунослик, ижтимоий фанлар, технология ва гуманитар фанларда амалга оширилади.

Ҳар битта тадқиқотнинг асосий мақсади негизида дунё ҳақидаги билимларни кенгайтириш орқали муаммоларни ҳал қилиш билан бир қаторда, жамият ривожига ҳисса қўшишдек асосий ғоя ўз аксини топмоғи керак. Чунки, бу мақсад мамлакат ривожи учун янги имкониятлар эшигини очишликка хизмат қилиши мумкин бўлган муҳим қадамлардан бири бўлиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ПҚ-3365-сон қарорларига асосан «2017-2021 йилларда тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича» берган кўрсатмалари илм йўлида бўлган ҳар бир тадқиқотчига кенг имкониятларнинг яратилишига замин бўлди. Унга кўра тадқиқотларни модернизациялаш («модерн»-замонавий, «изация»- жараён) орқали жамият, иқтисодиёт, сиёсат, технология ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларини ривожлантириш билан бир қаторда, жаҳон тажрибасини ҳам қўллай олиш кўникмаларини яратади.Шунингдек, илмий тадқиқот ишини модернизациялаш илм аҳлига қуйидаги имкониятларни тақдим этди:

-катта маълумотларни таҳлил қила олувчи дастурларни қўллаш;

- сунъий интеллект;

-маълумотларни тушунарли ва аниқ тарзда кўрсатиш учун графикалар, жадваллар ва бошқа визуализация усулларидан фойдаланиш;

-интерактив тақдимотлар яратиш;

-очиқ илмий нашрларни қўллаш ҳамда ижтимоий медиа платформаларидан унумли фойдаланиш орқали тадқиқотни жамиятга тезроқ, аниқроқ ва арзонроқ етказилишига сабаб бўлмоқда.

Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда илмий тадқиқотимизда юқоридаги имкониятларни сингдиришга ҳаракат қилдик. Мақсадимиз -тадқиқот ишимиз тор доирани қамраб олмаслиги, яъни ундан фақат мутахассисларгина эмас, жамиятимизнинг барча аъзолари фойдалансин. Тадқиқотимиз объекти бўлган Абу Али Ибн Сино, Фаридуддин Аттор ҳамда Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Қуш тили» туркумига оид асарларини таҳлилга тортиш жараёнида бу ноёб хазиналарни халқимиз кутубхонасига замонавий талқин ва табдилда, шунингдек фарзандларимизга ахлоқий тарбия ҳамда юксак маънавиятни сингдиришга хизмат қилувчи расмлар билан бойитилган эртак китоб шаклига келтириш ғояси туғилди. Халқ оғзаки ижоди, уламоларимизнинг ҳаётий тажрибаларини қамраб олган ҳикоялар асосида жамланган ушбу туркумдаги асарларни мактабгача бўлган ёшдаги болаларга иллюстрацияланган расмлар орқали китоб шаклида тайёрлаш билан бирга, ҳикояларни инглиз-хитой, инглиз-рус ҳамда инглиз-ўзбек тилларида овозли таржимаси билан бирга тақдим этдик. Яъни китобнинг 1-саҳифаси инглиз тилида, 2-саҳифаси ҳам худди шу шаклда, аммо бошқа тилда ёритилади. Бу орқали болаларга тил ўрганиш имкониятларини яратиш асосий мақсад. Зотан, сўз мулкининг султони Алишер Навоий маънавий устозлари шайх Фаридуддин Атторнинг форс тилидаги «Мантиқ ут-тайр» асарларини 3 ёшлик чоғларидаёқ юксак меҳр ва шавқ билан ёд олганлар.

Тан олишимиз керакки, бугунги технологиялар ривожланган даврда улғаяётган болаларнинг асосий эътиборини рангли ҳамда гаджетли техникалар билан жалб қилиш осон бўлиб қолди. Худди шу шаклдан унумли фойдаланган ҳолда тадқиқотимизга ёш болаларнинг интеллектуал онгини ривожлантиришнинг янги ва замонавий технологияларини қамраб олдик.

Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда : «Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига раҳна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди.» Дарҳақиқат, жамиятимизда ўсиб келаётган ҳар бир ёш авлод қандай ахборот манбайидан фойдаланаётганлигига аҳамият қаратиш фақат ота-онанинг олдидаги устувор вазифа бўлиши билан биргаликда, илм йўлида изланаётган ҳар бир тадқиқотчи учун ҳам долзарб бўлмоғи лозим. Сабаби, биз яратаётган изланишлар маҳсули қайсидир қатламда янгиликдир, аммо унинг амалий томони кўрилмаса, меҳнатларимиз самарасини пучга чиқаради.

Илмий анжуманлардан бирида тадқиқотимиз доирасида ўрганилаётган Ибн Синонинг «Рисот ут-тайр» асари кўпчиликка нотанишлиги диққатимни оширди. Аллақачон табдили яратилган бу асардан халқимизнинг барча қатламларини хабардор қилиш муҳим вазифам, деб ҳисобладим. Бугун аҳолининг кўпчилиги Абу Али Ибн Синони тиббиёт илмининг уламоси сифатида танийди, аммо юқорида номи зикр этилган асар бу зотни файласуф сифатида кашф этади.

Фарзандларимиз герман, инглиз, рус ижодкорларининг машҳур эртак ва масалларини эшитиб, ўргана олаётган, ўша халқ маънавияти руҳида улғаяётган экан, наҳотки биз ота-боболаримиздан қолган асил хазина-асарларни уларнинг ёш психологиясига мос ҳолда модернизациялаштириб, тақдим эта олмасак!? Афсуски, жуда кўплаб тадқиқотчилар бу масалада сарфланиши керак бўлган маблағ туфайли чекинишади.

Биз тадқиқотимизни оммалаштиришда фойдаланаётган замонавий сервер орқали тадқиқот доирасида яратилган китобни дунё маркетплейлари бўйлаб сотиш имконини беради.

Билишимиз лозимки, бугунги кунда докторлик диссертацияларини халқаро бозорда тижоратлаштириш орқали тадқиқотчиларимиз ўзлари учун янги даромад манбайини яратиш билан бирга, илмий жаҳон майдонида анъанавий нашр моделидан ташқари, билим тарқатиш ва даромад келтиришнинг янги ва инновацион имкониятларига эга бўлишади. Бунда тадқиқотчи, аввало, мақсадли аудиторияни аниқлаши лозим, яъни сизнинг тадқиқотингиздан ким фойда олиши мумкин-профессионаллар, педагоглар, ота-оналар ёки жамоатчилик. Шундан сўнг диссертацияни кенг аудитория учун мос форматда тайёрлаб, мураккаб элементларини соддалаштириб, визуал элементларни қўшиш ва ҳикоялар яратиш мумкин.

Кейинги жараёнда Amazon, Барнес&Нобле онлине китоб дўконлари каби машҳур электрон тижорат платформаларга жойлаштирилади ҳамда муаллифлик бренди яратилади.Бу орқали мамлакатимиз тадқиқотчиларининг илмий салоҳияти дунё платформаларида танилиши билан бир қаторда, изланувчиларни ўз шахсий тадбиркорлигини олиб боришлигига ҳам имконият беради.

Шаҳло Ҳалимова,

Алишер Навоий номидаги

ўзбек тили ва адабиёти университети таянч доктаранти