“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан оилавий бахт ва қадриятлар мавзуси бўйича ўтказилган тадқиқотларда 728 нафар респондент иштирок этган.
Уларнинг 78,6 фоизини аёллар, 21,4 фоизини эса эркаклар ташкил этди. Таҳлиллар натижасида уларнинг 67,1 фоизи шаҳарда, 32,9 фоизи эса қишлоқда истиқомат қилиши, респондентларнинг 72,9 фоизи оилали, 18,9 фоизи ҳали турмуш қурмаган, 6,4 фоизи эса ажрашган оила вакиллари эканлиги аниқланди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева тадқиқот натижалари хусусида маълумот берди.
Қайд этилишича, ўзбек оилалари учун ўзидан кейин авлод қолдириш оилавий ҳаётнинг энг асосий мақсади эканлиги тадқиқот натижасида ўз ифодасини топди.
Ўзбекистондаги оила қуришнинг асосида энг аввало, авлод қолдириш (37,1 фоиз), севимли кишиси билан бирга яшаш (25,8 фоиз) сингари мақсадлар ётиши қайд этилди. Шунингдек, ҳар тўртинчи респондент (25,6 фоиз) оила қуришда диний қадриятлардан келиб чиққан ҳолда асосий мақсадини белгилайди.
Жумладан, тадқиқотга жалб этилган ҳар тўрт кишининг 3 таси, аниқроғи 76,1 фоизи оиласиз ҳаётни умуман тасаввур қила олмасликларини қайд этишган бўлса, 18,9 фоиз ҳали турмуш қурмаган шахслар бу борада бирор бир фикр билдиришга қийналди. 5,5 фоиз респондентларда бефарқлик кузатилди. Асосан эр ёки хотин томонидан амалга ошириладиган девиант хатти-ҳаракатлар оилавий ажримларга сабаб бўлиши мумкин бўладиган асосий ҳолатлар эканлиги маълум бўлди.
Таҳлиллар мамлакатимизда оилада турмуш ўртоғига нисбатан анъанавий ўзаро самимийлик ва яқинликка асосланган қараш кўпроқ муҳим аҳамият касб этаётганлигидан далолат беради. Респондентларнинг қарийб учдан бири, яъни 32 фоизи ўз турмуш ўртоқларини биринчи навбатда севимли ёр, 29,1 фоизи эса оиланинг боқувчиси, таянчи, 10 фоизи яқин энг яқин маслаҳатгўйи сифатида талқин этади. Шу билан бирга, тадқиқот натижасида 27,5 фоиз респондентлар учун эса турмуш ўртоғи фақатгина фарзандлар учун ота ёки она вазифасини бажариши маълум бўлди. Олинган натижалар оила аҳоли учун муқаддас институт сифатида ўз ўрнини сақлаб қолаётганлигини намоён этди.
21,2 фоиз респондентлар хиёнат, 19,7 фоизи ўзи ва фарзандларига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қўлланилиши, 19,7 фоиз респондент эса турмуш ўртоғининг гиёҳвандга айланиб қолиши оилаларни ажралишга сабаб бўлишини билдирди. Энг аҳамиятлиси, 15,2 фоиз респондентлар ҳар қандай вазиятда ҳам ўз оилаларини сақлаб қолишга ҳаракат қилишларини баён қилган. Шу билан бирга, яқин қариндошларига нисбатан қўпол ва ҳурматсиз муносабатда бўлиш (6,9 фоиз), турмуш ўртоғининг руҳий носоғломлиги (6,6 фоиз), муттасил ичкиликка ружў қўйиши (5,7 фоиз) ҳам оилавий ажримлар учун асос бўлиши мумкинлиги респондентлар томонидан қайд этилди.
Олинган натижалар таҳлили оилалари учун ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш, ишонч бахтли оиланинг асосий муҳим индикаторлари эканлигини кўрсатди ва респондентлар томонидан қайд этилган бу 3 параметрларнинг умумий йиғиндиси 53 фоизни ташкил этди. Булардан ташқари, тадқиқотга жалб этилган кишилар томонидан оилавий бахтнинг энг муҳим атрибутлари сифатида севги-муҳаббат (10,6 фоиз), садоқат-вафодорлик (10,1 фоиз) ва фарзандли бўлиш (10,1 фоиз) ҳам кўпроқ улушга эга бўлди.
Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда аксарият оилалар ўзларини бахтли оила сифатида тасаввур қилишларини намоён этди. Жумладан, бу борада 81,4 фоиз респондентлар ўзларини тўлиқ бахтли, 13,4 фоиз оила вакиллари эса маълум маънода бахтли эканликларини билдирди. Ўзини бахтсиз деб ҳисобловчи респондентлар бор-йўғи 2,5 фоизни ташкил этди.
Тадқиқотда иштирок этган респондентларнинг 35,6 фоизи оилани, 17,2 фоизи эътиқодни, 16,4 фоизи соғлиқни, 13,7 фоизи эса руҳий хотиржамликни асосий қадрият, деб ҳисоблашлари маълум бўлди. Олинган натижалар бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятда фаоллашишларини ижтимоий зарурият эканлигини кўрсатди.
Сўров натижаларига кўра, 73,3 фоиз респондентлар хотин-қизларнинг ишлашини нормал ҳолат деб ҳисоблашади. 19 фоиз кишилар эса аёлнинг ишлаш-ишламаслигини унинг турмуш ўртоғи белгилаб бериши лозимлигини таъкидлашган. Шу билан бирга, 7,4 фоиз иштирокчилар аёлнинг уй-рўзғор ишлари, фарзанд тарбияси ва кексаларга ғамхўрлик қилиши, ўзининг анъанавий вазифасини бажариши керак, деган фикрда. Тадқиқот натижалари оилавий ажрим кўпчилик оиласидан ажрашган аксарият оила вакилларида пушаймонлик ҳиссини уйғотган.
Натижалар таҳлили 43 фоиз кишилар диний эътиқодни, 40,9 фоиз респондентлар эса бахтли оила қуриш ва фарзандлар камолини кўришни асосий ҳаётий мақсад деб ҳисоблашларини кўрсатди.
Масалан, оиласидан ажралган респондентларнинг 51,2 фоизи ажрим улар ҳаётларини ижобий томонга эмас, балки салбий томонга, яъни ҳаётларини янада муракаблаштирганини тан олди. Умуман олганда, қарийб 60 фоизга яқин ажралганлар ажримдан у ёки бу тарзда афсусда эканликларини билдирди. Шу билан бирга, 31,7 фоиз ажрашган оила вакиллари учун ажрим турли стресс ҳолатларини ва касаллакларни келтириб чиқарганини билдириб ўтган.
Шунингдек, аксарият оила вакилларини айни пайтда болалар таълим-тарбиясига етарли вақт ажрата олмаслик (29,6 фоиз), уй-жой масаласи (20,8 фоиз), иш топиш (9,2 фоиз), оила ҳаётига учинчи томоннинг аралашуви (13,7 фоиз) сингари муаммолар кўпроқ ташвишга солмоқда. Ўтказилган тадқиқотлар натижасида олинган таҳлилий маълумотлар қадриятлар тизими борасида ҳам инсонлар учун оила энг муҳим қадрият сифатида қайд этилишини, ижтимоий тармоқларда эр ёки хотиннинг оилавий ҳаётдаги тутган ўрнига нисбатан нотўғри қараш ва талқинларнинг асоссиз эканлигини яна бир бор исботлади.
Юқоридаги натижалар асосида жамиятимизда оила муқаддас институт сифатида ўз ўрнини сақлаб қолгани ва вазифаларини бажариб келаётганини айтиш мумкин. Мамлакат аҳолисининг ўзини қай даражада бахтли ҳис қилиши ва қадриятлар тизими эса бевосита оилавий муносабатлар ва унинг муаммоларда ўз аксини топади.
Тадқиқот давомида аниқланган ижтимоий-иқтисодий, психологик характердаги муаммолар ва жамиятда содир бўлаётган айрим ўзгаришлар, жумладан, эркак ва аёлларнинг социал роллари ва вазифалари борасидаги фикрлар ва шунга алоқадор айрим жиҳатлар оила, унинг ривожланиши ва муаммоларини илмий жиҳатдан доимий равишда тадқиқ этишни кўрсатмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА