Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Филология факультетининг ўзбек адабиёти кафедраси томонидан “Туркий халқлар адабиёти тадқиқида инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон каби давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказларидан таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этишди.

Конференциянинг очилиш пленар мажлисида институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Қуанишбай Сейтназаров сўзга чиқиб, тадбирнинг амалий аҳамияти ва ундан кутилаётган натижаларга тўхталди ҳамда конференция ишига муваффақиятлар тилади.

Анжуманда туркий халқлар адабий меросини ўрганишда замонавий ёндашувлар, рақамли технологияларни жорий этиш, адабиётшуносликдаги инновацион тадқиқот усуллари ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Илмий маърузалар давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, туркий халқлар адабиётини қиёсий ўрганиш, таржима жараёнлари ва электрон адабий базалар яратиш бўйича муҳим таклифларини билдиришди.

Ушбу халқаро анжуман туркий халқлар адабий меросини чуқур тадқиқ этиш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва адабиётшунослик соҳасида инновацион ғояларни жорий этиш борасида катта амалий аҳамиятга эга бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА