Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорнинг режалари бисёр эди. Аммо...
17:57 / 2021-04-20

Бир мурожаат изидан

Мамлакатимизда ҳар бир шахсни мулкдор бўлишга ҳақлилиги, хусусий мулк, бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси билан кафолатлаб қўйилган.

Қолаверса, 2012 йил 24 сентябрдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги қонунда мулкдор ўз ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилиши, гарчи бу бузилишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этилишини талаб қилиши мумкинлиги, мазкур ҳуқуқни амалга оширилишида давлат органлари мулкдорга кўмаклашиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Таассуфки, Наманган шаҳри, Баҳор маҳалла фуқаролар йиғини, “Камтар” кўчаси, 4-берк, 4-уйда яшовчи фуқаро Исмоил Ашуров эзгу ният ва мақсадлар билан эга бўлган мулкидан кўп вақт ўтмасдан маҳрум этилган жабрдийдага айланди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига фуқаро И.Ашуровнинг мулкий низоси билан боғлиқ вазият юзасидан йўллаган мурожаати жойида бориб ўрганилди.

Гап шундаки, фуқаро Исмоил Ашуров 2012 йил 18 июль куни Наманган шаҳридаги Баҳор маҳалласи ҳудудидаги ҳаммом ва бино-иншоотларни фуқаро Хапиза Джураевадан нотариал олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган ҳолда сотиб олган. Келишилган 19 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг 10 минг АҚШ долларини олди-сотди жараёнида тўлаган. Қолган пулларни бўлиб-бўлиб ҳисоб-китоб қилган. Ушбу сотиб олган объектида 2012-2014 йиллар давомида 40 миллион сўмдан зиёд қурилиш-монтаж ишларини ва ер майдони учун солиқ тўловларини ўз ҳисобидан бажарган.

И.Ашуровнинг айтишича, мулкни харид қилганидан уч йил ўтиб, Хапиза Джураеванинг фарзандлари ундан фирибгарлик йўли билан қўшимча равишда пул талаб қилган. Х.Джураеванинг қизи Раҳбархон Мамаджонова 2015 йил олди-сотди шартномасини бекор қилиш юзасидан фуқаролик судига даъво аризаси киритган. Суд томонидан 2015 йил 29 июнь куни “Ҳаммом ва бино-иншоотлар” ни олди-сотди шартномасини бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган.

Фуқаро И.Ашуров фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судига апелляция шикояти билан мурожаат қилганидан кейин ФИБ вилоят судининг 2015 йил 3 декабрдаги ажрими билан ФИБ Наманган туманлараро судининг 2015 йил 29 июндаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янгидан кўриш учун инстанция судига юборилган.

Маълум бўлишича, 2016 йил 6 май куни бўлиб ўтган Наманган туманлараро судининг очиқ суд мажлисида ушбу низо қайта кўриб чиқилиб, суд томонидан Наманган тумани ҳокимининг 2012 йил 23 апрелдаги 253-сонли қарори, Наманган шаҳар 8-сонли давлат нотариал идораси томонидан Хапиза Джураева ва Исмоил Ашуров ўртасида тузилган 2012 йил 18 июлдаги 2152-сонли реестр билан қайд этилган ҳаммом ва бино-иншоотларни олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган. Шу ўринда, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди томонидан 2016 йил 6 майда ўтказилган суд мажлисида келтирилган фактлар ва томонларнинг айрим кўргазмаларига назар ташлаймиз.

Аниқланишича, Наманган тумани Ғалча қишлоқ фуқаролар йиғини, Неъматжон маҳалласида жойлашган, собиқ “Зарбдор” ширкат хўжалигига тегишли бўлган ушбу ҳаммом бино-иншоотлари Республика кўчмас мулк биржаси Наманган вилояти филиалининг 2006 йил 14 ноябрдаги кўчмас мулк бўйича олди-сотди шартномасига асосан, фуқаро Умар Мамаджанов томонидан сотиб олинган. Наманган тумани ҳокимининг 2007 йил 27 февралдаги 120-сонли қарорига кўра, умумий ер майдони 26 сотих, қурилиш ости майдони 1477,55 кв. метрни ташкил этган мазкур объект жойлашган ер майдони У.Мамаджановга доимий фойдаланиш учун ажратиб берилган. Шу йилнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказилиб, тўлиқ хусусийлаштирилган. 2011 йили эса қайта рўйхатдан ўтказилиб, қайта кадастр ҳужжатлари тайёрланган.

Наманган шаҳар 8-сонли давлат нотариал идорасининг 2011 йил 18 февралдаги реестрга 456-сон билан қайд этиб тасдиқланган мулкка эгалик қилиш тўғрисидаги гувоҳнома ва шу кунги реестрга 457-сон билан қайд қилинган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларга асосан, 2010 йил февралда вафот этган марҳум У.Мамаджановнинг турмуш ўртоғи Х.Джураева томонидан мерос қабул қилиб олинган.

Ушбу низоли мулкнинг 1/10 қисми, яъни 11 сотих ер майдонида жойлашган, фойдали майдони 25,78 кв. метрга тенг умумий қурилиш ости майдони 225,78 кв.метрни ташкил қилган, акфа эшик ромларини ясаш устахонаси, қоровулхона ва ҳожатхона, темир дарвоза, бетон ғиштли тўсиқ, девор, молхона ва ем сақлаш устуни ижарачи сифатида фойдаланиб келган И.Ашуровга Наманган шаҳар 8-сонли давлат нотариал идорасининг 2012 йил 18 февралдаги реестрга 2152-сон билан қайд этилган олди-сотди шартномаси асосида сотилган. Низоли бино иншоотларга 2014 йил апрель ойида кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, Исмоил Ашуровнинг мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Даъвогар Р.Мамаджанова, жавобгар Х.Джураева, суд мажлисида мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс И.Мамаджанов, манфаатдор шахс сифатида сўралган И.Мамаджановлар ўз кўргазмаларида жавобгар И.Ашуров томонидан харид қилинган мулк учун келишилган 19 минг АҚШ доллар маблағнинг 10 минг доллари тўлангани, аммо қолган қисми ҳисоб-китоб қилинмагани, мерос қолган мулкни расмийлаштириш жараёнида розилик бермаганлиги, нотариусга бориб, ариза ёзмаганлиги, уларнинг номидан ёзилган аризадаги имзо уларники эмаслигини баён этган.

Суд мажлисида сўралган вилоят адлия бошқармаси қошидаги архив мудири Равшан Асраев ўз кўрсатувида Наманган шаҳар 8-сонли Давлат нотариал томонидан 2011 йил 18 февраль куни берилган 456-сонли реестр билан қайд қилинган мулкка эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома ва 457-сонли реестр билан қайд этилган қонун бўйича меросга эга бўлган ҳуқуқ тўғрисида берилган гувоҳномалар, шунингдек, Х.Джураева ва И.Ашуров ўртасида тузилган 2152-сонли реестр билан қайд этилган олди-сотди шартномаси қонун талаблари доирасида амалга оширилгани, қонун бузилиш ҳолатлари бўлмаганлиги, олди-сотди шартномасини қайд этган нотариус Дилбар Таджиддинова масъулиятли нотариуслардан бўлганлиги, фуқаролик ишини қонуний ҳал қилиб беришни сўраган.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси томонидан берилган 2015 йил 11 майдаги эксперт хулосасига кўра, меросдан воз кечганлик бўйича 2011 йил 16 февралда ёзган аризаларни муаллифларининг ўзлари имзолаб, исм-шарифлари улар томонидан ёзилганлиги кўрсатилган.

Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида фуқаро И.Ашуров билан бирга жорий йилнинг 29 март куни Наманган вилояти суди раиси Абдурасул Эранов ҳамда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Сардор Жўрабоев қабулида бўлдик.

Мазкур масалага тегишли ҳужжатлар билан танишиб чиққан суднинг масъул мутасаддилари томонидан И.Ашуровга мазкур низоли вазият процесси билан боғлиқ ҳуқуқлари ҳақида тушунчалар берилди. Хусусан, ФИБ Наманган туманлараро судининг 2016 йил 6 майдаги ҳал қилув қарорида, мазкур қарордан норози томон 20 кун ичида шу суд орқали ФИБ Наманган вилояти судига апелляция тартибида, бир йил муддат ичида эса кассация тартибида шикоят ва протест келтиришга ҳақли экани қайд этилган бўлсада, мазкур ҳуқуқдан фойдаланиш муддатидан анча кечиктириб юборилганлигини билдирди. Шунингдек, фуқаро И.Ашуровга суднинг ушбу низо билан боғлиқ вазият юзасидан ишда кўрилмаган ҳолатларга оид асослантирувчи важлар бўлган тақдирда муддатни қайта тиклаш учун ишни қайта очишга асос бўлиши мумкинлиги айтилди.

– Тўғриси, бундай мулкий можароларга биринчи маротаба рўбарў келишим, – дейди Исмоил Ашуров. – Низоли баҳсларда қандай қонуний хатти-ҳаракатларни амалга ошириш кераклиги хусусида ҳуқуқий билимим етарли эмаслиги, қолаверса, адвокатимга ишониб қолганим биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига кассация шикоятини киритиш муддатидан кечикиб кетишига сабаб бўлди. Суд ишини қайта тиклаш бўйича кассация киритиш муддатининг кечикишига оилавий муаммоларга йўлиққаним, яъни кекса отам ва ногиронлиги бор, парваришга муҳтож укамга қараётганим ҳам ўз таъсирини ўтказди. Яхши ниятлар билан мулкни сотиб олгандим. Режаларим катта эди. Маҳалламизда янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёжманд хонадонларда яшовчи ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, ҳудудимизда кичик бизнес ривожига озми-кўпми ҳиссамни қўшиш мақсадида ишлаб чиқариш жойларини қуришга киришгандим. Қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларим қайта тикланишидан, одил судлов орқали ҳақиқат ва адолат қарор топишидан умидворман.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА