Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
10 йилда ҳам келмаётган навбат, яна нечи йил кутишим керак, умрим етармикан яна кутишга...
07:05 / 2019-12-05

10 йилда ҳам келмаётган навбат, яна нечи йил кутишим керак, умрим етармикан яна кутишга...

ТАДБИРКОРНИНГ ОҲИ-ЗОРИ: МИБ нега фақат ўзини оқлаш билан шуғулланади?

Таҳририятдан: Сайтимизда тадбиркор Бахтиёр Нормуратовнинг “ЎзА минбари” рукни остида “МИБ ижрони бажармасликни расман маълум қилди”, шикояти эълон қилинган эди.
Унда 10 йилдан буён қонуний ижро ҳужжати МИБ томонидан ижро этилмаётгани баён қилинган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан мазкур шикоят аризага тезкор жавоб келди.
Қуйида ушбу жавоб хати ҳамда тадбиркорнинг МИБ жавобига нисбатан билдирган муносабатини ҳам эълон қиламиз.
Ўйлаймизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур муаммоли ҳолатга адолатли ечим топишади.

***

Жорий йилнинг 02 декабрь куни “uza.uz” сайтида “ЎзА минбари: МИБ ижрони бажармасликни расман маълум қилди” номли жойлаштирилган хабар юзасидан

Мазкур маълумотда, “Karmen Build” МЧЖ раҳбари Бахтиёр Нормуратов номидан Бюронинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ўз ишига масъулият билан ёндашмаслиги сабабли, электрон-онлайн аукцион савдосида сотилмасдан қолган бинони сотиб олишни таклиф қилиб, зарарни ундириб бермаётганини маълум қилган.

Аниқланишича, Сирдарё вилоят хўжалик судининг қарздор 19.08.2014 йилги қарздор “Сирдарё мунтазам йўллардан фойдаланиш” УК (“Марказий” ХДААСИТФДК) дан ундирувчи “Karmen Build” МЧЖ фойдасига жами 197 141 862 сўм қарз ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати дастлаб собиқ Суд департаментининг Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар бўлими иш юритувига 07.11.2014 йилда келиб тушган ва ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонага тегишли Гулистон тумани, “Олтин Ўрда” ҚФЙ, 1-маҳалласида жойлашган бино-иншоотлари баҳоловчи ташкилот 216 346 254 сўмга томонидан баҳоланиб, аукцион савдоларига чиқарилган бўлсада, мол-мулк харидорлар томонидан қизиқиш билдирилмаганлиги сабабли аукцион савдоларида сотилмаган. 

Қарздор корхона юридик манзилини Сирдарё туманига ўтказганлиги сабабли ижро ҳужжати “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига асосан қарздор жойлашган манзил бўйича ижро этиш учун Сирдарё туманига юборилган ҳамда Бюронинг Сирдарё туман бўлими томонидан 06.07.2017 йилда ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Бундан ташқари, мазкур бўлим иш юритувида қарздор корхонадан 622 721 900 сўмлик солиқ қарзи ҳамда бошқа 42 та хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига жами 3 973 731 894 сўм қарздорлик ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, барча ижро ҳужжатлари “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 251-моддасига асосан йиғма ижро иши юритишга бирлаштирилган.

Қарздор корхонанинг АТБ “Агробанк” Сирдарё вилоят филиалидаги банк ҳисоб рақамларига банд солинган.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонага тегишли Гулистон тумани, “Олтин Ўрда” ҚФЙ, Х.Олимжон 1-маҳалласида жойлашган бино-иншоотлари хатланган ҳамда баҳоловчи ташкилот ”Гулистон баҳолаш консалтинг” МЧЖ томонидан 333 133 408 сўмга баҳоланиб, 14.11.2017 йилда электрон аукцион савдосига чиқарилган.

Мазкур мол-мулк такрорий электрон онлайн-аукционларда реализация қилинмаганлиги сабабли аукцион савдоларидан қайтарилган ҳамда ундирувчи ташкилотларга таклиф хати юборилган. 

Мазкур таклиф хатига ундирувчи корхоналар томонидан ёзма муносабат билдирилмаган. 

Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш миллий стандарти (8-сон МБМС)га асосан мол-мулк баҳоланган санасидан 6 ойдан ортиқ вақт ўтганлиги сабабли ушбу мол-мулк баҳоловчи ташкилот томонидан 992.195.000 сўмга қайта баҳоланган ҳамда 25.07.2019 йилда электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган.

Шунингдек, давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида, қарздорга тегишли “МАЗ” русумли 2 та автотранспорт воситалари, Каток русумли махсус техника ҳамда спорт зали биноси хатланган.

Баҳоловчи ташкилот томонидан “МАЗ” русумли масхус цистерна 24 831 420 сўмга, “Маз” русумли ўзи ағдарувчи автотранспорт воситаси 45 227 160 сўмга, “Каток” русумли махсус техника воситаси 110.000.000 сўмга ҳамда Гулистон шаҳар, Маданият МФЙда жойлашган спорт зали биноси 3.182.835.900 сўмга баҳоланиб, 27.07.2019 йилда ва 29.08.2019 йилда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган.

Ҳозирда ушбу мол-мулклар электрон онлайн аукцион савдоларида.

Келгусида ундирув қарздорнинг ҳисоб рақамларидан ҳамда мол-мулкини реализация қилишдан тушадиган пул маблағлари ҳисобидан таъминланиб, Қонуннинг 78,80-моддаларига мувофиқ ундирувлар навбатига кўра тақсимланади.

Мазкур сайтда келтирилган Бюро ходимларининг ижрони бажармасликни расман маълум қилди деган мазмундаги важлари асосга эга эмас.

Ўзбекистон Республикаси
 Бош прокуратураси ҳузуридаги
 Мажбурий ижро бюроси 

***

Жорий йилнинг 2 декабрь куни “uza.uz” сайтида “ЎзА минбари: МИБ ижрони бажармасликни расман маълум қилди”, номли шикоятим берилган эди.

Йиллар давомида мен билан юз берган ва меҳнатим эвазига берилиши керак бўлган ҳақни ололмаётганимга айнан МИБнинг Сирдарё вилояти бошқармаси вакиллари ўз ишига масъулият билан ёндашмаслиги сабаб деб биламан.

Шикоятимга келган жавобни “Келгусида ундирув қарздорнинг ҳисоб рақамларидан ҳамда мол-мулкини реализация қилишдан тушадиган пул маблағлари ҳисобидан таъминланиб, Қонуннинг 78, 80-моддаларига мувофиқ ундирувлар навбатига кўра тақсимланади”, сўзларини қарийб ўн йилдан буён ҳар куни эшитаман.

Ўтган йиллар давомида англамаганим бир ҳақиқат бор. Нима учун шунча вақт ўтсада, менинг навбатим келмайди? Қарз кимларга, қанча миқдорда тўлаб берилмоқда? Бу туя гўшти еган пулларни олиш менга насиб этадими? МИБ қонуний ҳақимни ундириб беришини, суд қарорлари ижросини таъминлашини яна неча йил кутишим керак? Бу саволларга МИБ жавоб бермаса ҳам майли, лекин ишчиларимнинг пешона тери билан қилган меҳнатига тўланиши керак бўлган ҳақимизни ундириб берсин.

Аслида МИБнинг “Мазкур сайтда келтирилган Бюро ходимларининг ижрони бажармасликни расман маълум қилди деган мазмундаги важлари асосга эга эмас” дея айтган сўзлари тўғри эмас. Унда нега 2018 йил 25 июнда келган хатда қонуннинг 40 моддаси 4-бандига асосан ижро ҳужжати ижросиз қайтарилиши ҳақида расман огоҳлантирамиз, деб ёзилган. Ва шундан буён бирор бир ҳаракат ҳам, хабар ҳам йўқ.

Қарз ўн йилдан буён осилиб ётибди. Бундай вақтда МИБ ходимлари вазиятни тўғри баҳолаб, масаланинг ечимини қидирганда аллақачон ўз пулларимни олган ва яна юздан ортиқ оилага етказган бўлардим.

Аукцион савдосига келадиган бўлсак, одамлар ҳам анойи эмас, нархи ҳолатидан бир неча баробар қиммат мулкни сотиб олмайди. Унга реал нарх қўйилганда бир неча йилдан буён аукционлардан қайтмаган бўларди.

МИБ мутасаддилари, ўзингизнинг берган жавобингизга ўзингиз ишонасизми? Бу тизимда ҳам жавобгарлик ҳисси бўлиши керак эмасми?

Бахтиёр Нормуратов,

“Karmen Build” МЧЖ раҳбари