Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига “U.A.S.” оилавий корхонаси раҳбари томонидан корхона ҳисоб рақамидан ноқонуний равишда пул маблағлари ечиб олингани юзасидан мурожаат келиб тушди.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, туман солиқ инспекцияси бошлиғи биринчи ўринбосарининг 2024 йил 7 октябрдаги қўшимча қарори асосида 2025 йил 28 октябрда корхона ҳисоб рақамига 370 миллион сўмлик тўлов талабномаси қўйилган ва шу йил 31 декабрига қадар жами 65 миллион сўм пул маблағи ундириб олинган. Ваҳоланки, мазкур қарор ҳамда қўлланилган жарима тўғрисида корхона хабардор қилинмаган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, солиқ органининг ушбу қарори Қарши туманлараро маъмурий суди томонидан ҳақиқий эмас деб топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан пул маблағларининг қонунга хилоф тарзда ундирилишига сабабчи бўлган туман солиқ инспекцияси бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2419-моддасига асосан маъмурий иш қўзғатилди ва тўпланган материаллар Кўкдала тумани жиноят ишлари бўйича судига тақдим этилди.
Суд қарорига кўра, мансабдор шахс айбдор деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима тайинланди.
Шунингдек, корхонанинг солиқ органига электрон тарзда йўллаган мурожаатига белгиланган тартибда жавоб берилмагани учун туман солиқ инспекцияси бошлиғи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига асосан жавобгарликка тортилди.
Суд қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида асоссиз ундириб олинган маблағларни қайтариш ва ундирувни тўхтатиш юзасидан Қашқадарё вилояти солиқ бошқармасига тақдимнома киритилди.
Натижада тадбиркорнинг 65 миллион сўм пул маблағи тўлиқ қайтарилди ҳамда туман солиқ инспекцияси бошлиғига нисбатан интизомий чора кўриш бўйича хулоса қилинди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири