Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорнинг муаммоларга дуч келиши сабаблари аниқланди...
09:43 / 2020-02-27

Аҳоли ва тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммо ва масалаларига жойида ижобий ечим топиш, уларнинг ишончини янада мустаҳкамлашда сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этаётир.


Аҳоли ва тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммо ва масалаларига жойида ижобий ечим топиш, уларнинг ишончини янада мустаҳкамлашда сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этаётир.

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан Сайхунобод тумани тадбиркорлари учун ўтказилган сайёр қабулда бир қатор мурожаатлар ўрганилди.

Туманнинг 50 дан ортиқ тадбиркорлари томонидан 20 га яқин мурожаат келиб тушди.

Ушбу қабул жараёнида тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксарияти тижорат банкларининг кредит маблағлари ажратиши билан боғлиқ муаммолар бўлганлиги эътиборимизни тортди. Шу ўринда, “Тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келаётган муаммоларнинг асл сабаби қаерда ёки нимада?” деган ўринли савол туғилади.

Фикри ожизимизча, тадбиркор ўз ҳақ-ҳуқуқини билмас, ҳуқуқий билими етарли даражада бўлмас, янаям соддароқ қилиб айтганда, ўз ҳаққини ажратиб ололмас экан, муаммолар гирдобига дуч келаверади. Бошлаган иши фойда келтириш ўрнига, ҳатто, банк кредит маблағларини (агар шу кредиьни олган бўлса) ҳам тўлаб улгурмай, инқирозга юз тутади.

Бир неча муддат муқаддам, “Ишли бўлдим, оилавий даромадга энди мен ҳам ўз ҳиссамни қўшаман” дея, ишга кирган фуқаро яна ишсизлар сафига қўшилади. Кечагина ола бошлаган (агар маош олиб улгурган бўлса) даромадига ҳам нуқта қўйилади. Битта фирма ёки корхонанинг инқирози, ўнлаб ва ҳатто юзлаб кишиларнинг оилавий даромадига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Тадбиркорлик фаолиятини муносиб қўллаб-қувватлаш, уларнинг яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратиш бугуннинг долзарб вазифаси. Ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган, ҳуқуқий билими бизнесда ҳам, бошқа йўналишларда ҳам етарли бўлган йирик бизнесмен ёки оилавий тадбиркор, борингки кичик бизнес вакили унинг олдида кўндаланг бўлган турли муаммолар, ҳатто сунъий тўсиқларни бартараф этиш йўлларини жуда яхши билади. Чунки у қаердан нима талаб қилишни-ю қаердан нима олишни, ўзини ва ёки (қайси тизим вакили бўлишидан қатъий назар) хизматчининг бурчи ва вазифасини ҳам, қолаверса ўзининг имкониятларини ҳам жуда яхши билади.

Ҳуқуқий билим даражаси етарли бўлмаган тадбиркорни эса, айрим хизмат ходимлари (айниқса, банк ходимлари) уларга кўмаклашиш ўрнига, ишини пайсалга солади, алдашга ҳаракат қилади. Ва табиийки, бундан турли муаммолар келиб чиқади. Ачинарлиси ҳақ-ҳуқуқини билмаган тадбиркор, иши битиши учун (масалан банк кредити олиши учун) коррупцияга қўл уришгача боради...

Тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам беришни бугун адлиячилардан даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Тизим вакилларининг тадбиркорлар билан жойларда уюштираётган учрашув, сайёр қабул, давра суҳбатлари нафақат уларнинг ҳуқуқий билим савияси балки юртимиз иқтисодиёти равнақида ҳам муҳим аҳамият касб этди.

– Назаримда, бир ҳақиқатни тан олиш керакка ўхшайди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов. – Мамлакатимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнига тижорат банкларимиз зарур тезлик даражасида киришиб кета олмаяпти. Яна бир ачинарли жиҳати, баъзи тадбиркорларимиз билим савиясини ошириш борасида ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларида иштирок этишни ўзларига эп кўрмайди. Шу сабабдан ҳам тадбиркорлар олдида бир қатор муаммолар юзага келаяпти. Сайхунободлик тадбиркорлар билан ўтган сайёр қабулимизда кўтарилган масалалар бунинг яққол исботидир. Президентимиз тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, агар улар “2 та иш ўрни яратса елкамда кўтараман” дея таъкидлаган бир пайтда, қайсидир тизимда сунъий тўсиқларнинг юзага келишига биз адлия ходимларини четда томошабин бўлиб туришимиз адолатдан бўлмайди. Тадбиркорларимизнинг турли муаммоларга дуч келиши, коррупцияга йўл қўйилишига сабаб – аввало уларнинг ҳуқуқий билим савияси ҳалиям етарли эмаслиги туфайлидир. Бугунги каби сайёр қабуллар орқали биз жамиятимизда учраётган ана шундай кемтикликларни тўлдиришга, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилаяпмиз.

Таъкидлаш жоизки, ушбу сайёр қабулда мурожаатларнинг бир қисми мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилот ва идораларга топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.

Қабул сўнгида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ва фаолияти давомида муаммоларга дуч келаётган фуқароларга мутахассислар томонидан атрофлича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Барча тадбир иштирокчиларига тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришда тадбиркорнинг ҳақ-ҳуқуқлари баён этилган буклетлар тарқатилди.