Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш прокуратура органларининг устувор вазифаларидан бири.
Маъмурий судларда иш кўришда прокурор иштирокини таъминлаш, иш бўйича судга асослантирилган фикр бериш ҳамда суд қарорлари қонунийлигини ўрганиш мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларнинг бир бўлаги ҳисобланади. Жумладан, Бухоро вилояти солиқ бошқармасининг буйруғи билан “TEXNO INVEST GAZ” МЧЖнинг солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан аудит солиқ текшируви ўтказилиб, натижаси юзасидан солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш бўйича қарори қабул қилинган.
Қарорга асосан жамиятга 2021 йил учун 1 458,1 миллион сўм, 2022 йил учун 417,7 миллион сўм нақд пулга сотилган товарлар учун қўшилган қиймат солиғига жами 404,3 миллион сўм ҳамда 42,8 миллион сўм товон пули қўшимча ҳисобланган. Шунингдек, жамиятга нисбатан яширилган солиқ базасининг 20 фоизи, яъни 375,1 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Шундан сўнг, жамият солиқ идорасининг юқоридаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича маъмурий судга ариза билан мурожаат қилган. Маъмурий судлар томонидан жамиятнинг мазкур аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Шундан сўнг, “TEXNO INVEST GAZ” МЧЖнинг аризасига асосан Бош прокуратура томонидан мазкур суд қарорлари қонунийлиги ўрганилганда, солиқ органи томонидан текшириш даврида тадбиркорлик субъектига асоссиз қўшимча солиқлар қўлланилганлиги маълум бўлди.
Шунга кўра, Бош прокуратуранинг суд қарорларига нисбатан келтирган протести Олий суд томонидан қаноатлантирилиб, тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш таъминланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.