Тадбиркорнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинди
Ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятини тинч ва ишонч билан юритиши учун қонуний манфаатлари таъминланиши зарур. Шу мақсадда Рақобат қўмитаси тадбиркорлар мурожаатларини ўрганиб, улар дуч келган асоссиз ҳолатларга барҳам бермоқда.
Жумладан, Навоий вилоятида меҳмонхона фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти “Hududgazta’minot” АЖ ва унинг “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали томонидан ҳисобланган пеня суммасини асоссиз дея, Қўмитага мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан Қўмита томонидан ўрганиш ва тегишли чоралар кўрилди. Натижада, тадбиркорга асоссиз равишда ҳисобланган 68 млн. сўмга яқин пеня “Hududgazta’minot” АЖнинг махсус электрон дастурида қайта кўриб чиқилиб, ҳисобдан чиқарилиши таъминланди.
Шу орқали тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатлари тикланди ва газ таъминоти соҳасидаги адолатсиз ҳолатга чек қўйилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА