Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркорнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари қонун ҳимоясида
17:01 / 2023-10-04

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бизнес-омбдусман девони ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, ўтган йиллар давомида тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул маблағини олиб қўйиш ёки ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағини ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари кўп кузатилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 10 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб рақамларидаги пул маблағларининг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг мансабдор шахслари жавобгарлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик (оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда) учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мазкур қонунга асосан шу қилмиш маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилгандан кейин содир этилган тақдирда жиноий жавобгарлик келиб чиқади.

Брифингда тадбиркорларга уларнинг ҳисоб варақларидан пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳолати учраётган бўлса, бу ҳақда Бизнес-омбудсманга хабар бериши айтиб ўтилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА