Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Омбудсманга нафақат ҳуқуқий ҳимоя, балки аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга кўмаклашиш вазифаси ҳам топширилди.
Шу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг Омбудсманга мурожаатлари кўпайди. Қолаверса, бу тузилмага мурожаат қилиш осонлашди. Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолияти йўлга қўйилгани ҳам тузилмани халққа янада яқинлаштирди.
Омбудсманга фуқаро Р.П. уй-жой сотиб олиш бўйича тузилган шартнома шартлари бажарилмагани бўйича мурожаат қилди.
Мурожаатчининг сўзларига кўра, у уч йил аввал Урганч шаҳридаги қурилиш билан шуғулланадиган масъулияти чекланган жамият билан кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиш бўйича шартнома тузган ва 75 миллион сўм тўлаган.
Шартнома шартларига кўра, қурувчи объектни 2023 йил 6 январга қадар эгасига топшириши керак эди. Лекин уй ҳозирга қадар қуриб битказилмаган. Фуқаро Р.П. масъулияти чекланган жамият директорига шартномани бекор қилиш ва тўлаган пулларини қайтаришини сўраб бир неча марта мурожаат қилишига қарамай натижа бўлмаган.
Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили ушбу мурожаатга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб, масъулияти чекланган жамият раҳбарига шартнома шартларининг қўпол равишда бузилгани ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳамда мурожаатчининг ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлигини тушунтирди.
Иш судгача етиб бормай, мурожаатчининг қурувчига тўлаган 75 миллион сўм пули қисқа муддатда тўлиқ қайтариб берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА