Маълумки, мамлакатимизда Бизнес-омбудсман тадбиркорлар билан давлат органлари ўртасидаги низоларнинг олдини олиш ва уларни ҳал этиш бўйича масъул бўлиб, ўз фаолиятини халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла риоя қилган ҳолда амалга оширади. Улар Президентимизнинг тегишли қарор ва фармонлари асосида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Шу сабаб тадбиркорлар ўзларининг дуч келаётган масалаларга амалий ечим топиш мақсадида Бизнес-омбудсманга мурожаат қилади. Хусусан, Бизнес-омбудсманга Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи тадбиркор ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Аниқланишича, Элликқалъа тумани ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган тадбиркор “Elektron onlayn auksion” савдо майдончасида иштирок этиб, ғолиб деб топилди ва ер участкасига эгалик ҳуқуқини қўлга киритди. Бироқ ер участкасини ўз номига давлат рўйхатидан ўтказиш ва қурилиш ишларини бошлаш жараёнида кутилмаган муаммога дуч келди.
Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюроси томонидан туман ҳокимлигининг қарздорлиги сабабли, ҳокимликка тегишли бўлган барча мол-мулкларга, шу жумладан, аукцион орқали тадбиркор томонидан ютиб олинган ушбу ер майдонига ҳам тақиқ қўйилган эди. Бу ҳолат тадбиркорнинг ўз фаолиятини бошлашига тўсиқ бўлди.
Бизнес-омбудсман девони ёрдамида ягона электрон савдо майдончаси орқали ютиб олинган ва аввал ҳокимликка тегишли бўлган ер майдонига қўйилган барча тақиқлар бекор қилиниши таъминланди.
Шунингдек, девонга Қашқадарёда фаолият юритувчи тадбиркор электр энергиясидан асоссиз ҳисобланган қарздорликни бекор қилишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Аниқланишича, "Энергосавдо" филиали Косон туман бўлинмаси томонидан тадбиркор ҳисобига бошқа истеъмолчиларнинг қарзи хатолик туфайли киритиб юборилиб, 68 миллион сўмлик асоссиз қарз ҳисобланган.
Бизнес-омбудсман девони аралашуви билан ушбу хатолик бартараф этилди ва тадбиркор ҳисобидан асоссиз ёзилган мазкур 68 миллион сўм қарздорлик бекор қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА